s
Кейинги йилларда мамлакатимизда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни, ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашга ҳамда ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ерга оид ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш заруриятиюзасидан қонунлар қабул қилинмоқда. Жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Бироқ, “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек фермер хўжаликлари орасида ҳам ер майдонларидан ўз манфаатлари йўлида ноқонуний фойдаланаётганлари ҳам топилмоқда...
Жумладан, Ўлмас Худайберганов (исм-фамилияси ўзгартирилган), Боғот тумани, “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудида ташкил қилинган “X.E” фермер хўжалиги раҳбари лавозимида ишлаб келиб, ушбу фермер хўжаликнинг тасарруфидан Хоразм вилояти ҳокимининг 2022 йил 31 март кунидаги 143-12-0-Q/22-сонли қарори билан туман захирасига қайтарилган “Хоразм” массиви қишлоқ хўжалиги ер харитасининг 461-қисм контуридаги тупроқ унумдорлиги жиҳатидан 51,6 балл бонитетли бўлган жами 4,5 гектар экин ер майдонининг 0,65 гектар қисмида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасида белгиланган талабларига зид равишда, ер майдонидан мақсадли фойдаланмасдан, 2025 йил февраль ойида балиқ боқиб, етиштириш мақсадида дамба шаклида сунъий кўл хавзаси ташкил қилганлиги оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига 435.830.700сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 197-моддаси (атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар) билан жиноят иши қўзғатилди ва “уддабурон” фермернинг иши судда кўрилди. Унингайбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, муқаддам судланмаганлиги инобатга олиниб, унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Шу ўринда яна бир бор эслатиб ўтамиз, ер умуммиллий бойлик ҳисобланиб, давлат томонидан муҳофаза қилинади. Ундан фақатгина оқилона фойдаланиш зарур.
Б.Якубов, Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди раиси