s
Суд ҳокимиятининг асосий вазифаси - фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунларни ва бошқа норматив ҳужжатларни ижро қилиш ёки қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдан иборат.
Бугунги суд тизимида “Янги Ўзбекистон - янги суд” тамойили доирасида қилинаётган ислоҳотларга асос ҳисобланган "Ўзбекистон 2030 стратегияси"нинг тўртинчи бўлими қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш соҳасидаги стратегик вазифаларни назарда тутади.
Бу ислоҳотлар самараси юртимизда яшаётган фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Судлар юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш билан боғлиқ ишларни кўриш орқали ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишини эътироф этиш лозим.
Чунки, ушбу фактларнинг суд томонидан белгиланиши фуқаролар ёки юридик шахсларга маълум юридик оқибатлар келтириб чиқаради.
Хусусан, мулк ҳуқуқини олиш, нафақага чиқиш, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар фуқаролик судлари томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 295-моддасига кўра судлар:
1) шахсларнинг қариндошлик алоқалари; 2) шахс бировнинг қарамоғида эканлиги; 3) оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти; 4) фарзандликка олишни, никоҳни, никоҳдан ажратишни ва ўлимни қайд этилганлиги; 5) эр-хотиндан бири вафот этганлиги оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлганлиги; 6) шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар бундан мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги; 7) бахтсиз ҳодиса; 8) иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш; 9) меросни қабул қилиш ва мероснинг очилиш жойи фактларини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.
Юридик аҳамиятга эга фактлардан энг кўп тарқалгани, шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар бундан мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслигини белгилаш ҳисобланади.
Ҳозирда суд амалиётида, юридик фактларни белгилаш ишлари орасида иш ҳақи ҳужжатларини тегишлилиги фактини белгилаш ҳақидаги аризалар кўпчиликни ташкил қилади.
Сабаби, фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги Қонунида белгиланган ёшга етгач, нафақага чиқиш мақсадида тегишли бюджетдан ташқари пенсия жамғармаларига мурожаат қилишади.
Аммо, уларнинг мурожаати иш ҳақи ҳужжатларидаги исм-шарифига мос келмаслиги сабабли пенсия жамғармаси томонидан рад қилиниб, уларга ушбу ҳужжатларни тегишлилиги фактини белгилаш юзасидан фуқаролик судларига мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилади.
Нотўғри ёзилган иш ҳақи ҳужжатларини ёзган ташкилотлар тугатилиб кетилганлиги ёки иш ҳақидаги хатоликни тўғрилашнинг имкони йўқлиги сабабли ҳам, судлар томонидан ҳозирда ушбу турдаги фактлар белгилаб берилмоқда.
Буни биргина суд амалиётидан мисол билан изоҳлайдиган бўлсак, аризачи Озодова Мунира судга ариза билан мурожаат қилиб, унда Гурлан туманидаги собиқ Ўзбекистон ширкат хўжалигида ишлаганини, аммо шу вақтда ишлаган масъул ходимларнинг эътиборсизлиги сабабли ширкат хўжалигининг 1985 йилдаги иш ҳақи ҳужжатида исм-шарифи Азадова Мунира деб нотўғри ёзилганлигини, ушбу нотўғриликлар сабабли нафақага чиқа олмаётганини, ўзининг ҳақиқатдан ҳам шу йилда ушбу ташкилотда ишлаганини келтириб, ширкат хўжалигининг 1985 йилдаги Азадова Мунира номига юритилган ушбу иш ҳақи ҳужжатини ўзига тегишли эканлиги фактини белгилаб беришни сўраган.
Суднинг қарори билан аризачи Озодова Муниранинг аризаси қаноатлантирилиб, Гурлан туманидаги собиқ Ўзбекистон ширкат хўжалигининг 1985 йилдаги Азадова Мунира номига юритилган иш ҳақи ҳужжатларининг аризачига тегишли эканлиги факти белгиланиб, унинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Хулоса қилиб айтганда, суд орқали юридик фактни белгилаш - бу фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш, ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этиш ва ижтимоий тенгликни таъминлашда беназир аҳамият касб этадиган институтдир.
Амалдаги қонунчилик ушбу йўналишда фуқароларга етарлича ҳуқуқий асос ва имкониятларни яратиб берган. Шу боисдан, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини тиклашда ушбу тартибдан фойдаланишни билиши ва керакли ҳолларда уни қўллаши муҳимдир. Бу нафақат шахсий манфаат, балки ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
З.Султанов, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси