s
Бугун фирибгарлик, яъни шахсни алдов йўли билан ишонтириб, мол-мулкини қўлга киритиш жамиятда тез-тез учраб турадиган ҳолатга айланиб улгирди. Бу тоифадаги жиноятларни судларда кўриш кўрсатгичи, жабрланган фуқаролар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Шу сабабли, Хонқа туманида маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ва ИИБ Пробация хизмати рўйхатида турган аёллар иштирокида “Фирибгарлик мулкга тажовуз – хушёрлик давр талаби” мавзусида профилактик тадбир ўтказилди.
Унда вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари У.Бакдурдиев, Хонқа туман халқ қабулхонаси мудири З.Маткаримова, “Қонун ҳимоясида” хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ЖБ бошқарув раиси Э.Назарқулов ҳамда “Anor news” электрон ОАВ бош муҳаррири М.Болтаевлар иштирок этиб, маъруза қилишди.
Мулоқотларда жиноятга сабаб бўлаётган омиллар ва фуқароларда фирибгараларга алданиб қолмаслик кўникмаларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятининг умумий жиноятчиликдаги салмоғи ортиб бораётгани сабабли 2016 йил 26 декабрдаги қонун билан Жиноят кодексининг 168-моддасидаги жавобгарлик оғирлаштирилди. Шунингдек, Олий суд пленумининг фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарори янгитдан ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.
Маълумот ўрнида, ЖКнинг 168-моддаси 4 қисмдан иборат бўлиб, 1-қисмида 50-100 баравар жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан махрум қилиш жазоси назарда тутилган.
2-қисмида анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар ёки компьютер техникасидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун 100-300 жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
3-қисмида кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун 300-400 жарима, 2-3 йил ахлоқ тузатиш ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
4-қисмида жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик учун 400-600 жарима, ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шунингдек, мулоқотларда суд тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонунида белгиланган имтиёзлар тушунтирилди.
Бу каби профилактик тадбирлар эса фуқароларни яна бир карра огоҳ бўлишга ундаши билан аҳамиятли.