s
USD: Rub: Eur:
2024-03-23 813

Ходим 1 йиллик ҳарбий хизматга кетса, унинг ўрнига олинган ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузиладими, аввалги ходим хизматдан қайтса шартномани МК 158-моддаси билан бекор қилиш учун.

 Ходим 1 йиллик яъни муддатли ҳарбий хизматга кетса, у билан меҳнат шартномаси МК 168-модда (меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши) 1-банди (ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда) билан бекор қилинади. 

 Агар ходим 1 ойлик яъни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга чақирилса, меҳнат шартномаси бекор қилинмайди, унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.

Эътибор беринг, 1 йиллик яъни муддатли ҳарбий хизматга кетган ходим билан шартнома бекор қилинмоқда. Агар ходимингиз 1 ойлик хизматга кетса ёки қонунларга мувофиқ ходимнинг иш жойи ва бошқалар сақланадиган меҳнат ва ижтимоий таътилларда бўлган вақтида унинг ўрнига олинган ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузсангиз бўлар эди. Асос:МК 112-моддаси.  Демак, 1 йиллик хизматга кетган ходимнинг ўрнига олинган ходим билан бемалол, муддатсиз шартнома тузишингиз мумкин.

Диққат! Шартнома МК 168-моддаси 1-банди билан бекор қилинса, МК 173-моддасига кўра иш берувчи ходимга ишдан бўшатиш нафақасини тўлаши шарт. Амалиётда айрим ноинсоф иш берувчилар 1 йиллик ҳарбий хизматга кетаётган ходимлар билан шартномани МК 160-моддаси билан бекор қилишга ҳаракатга қиладилар. Бу ходимнинг ҳақига хиёнат қилишдир. Чунки шартнома 160-модда билан бекор қилинса, ходимга нафақа тўлаб берилмайди. Ҳурматли бўлажак аскарлар, асло ариза ёза кўрманг! Шартномани 168-модда билан бекор қилишларини талаб қилинг! Шунда ишдан бўшатиш нафақасини ҳам оласиз.

Собиқ ходим ҳарбий хизматдан қайтди. Энди нима қилиш лозим? МК 102-моддасига кўра, ҳарбий хизматга чақирилган ходим резервга бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан 3 ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир. Яъни бу ҳолатда собиқ ходим ташкилотда бўш иш ўринлари бўлсагина, ишга жойлашиш ҳуқуқига эга. Кафолатларни бериш мумкин бўлмаган ҳолларда, маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда эса, касби бўйича бепул ўқитишни таъминлайди. 

Ҳарбий хизматга чақирилган ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган кунидан бошлаб 3 ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда эса, иш берувчи уни ишга қабул қилишга мажбур. Аскарнинг ўрнидаги ходим билан эса ташкилотда бошқа иш ўринлари бўлмаса 168-моддасининг 2-банди (шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда) бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинади. 

Xiva tuman yuridik xizmat ko`rsatish markazi 
bosh yuriskonsulti A.Abdusheripov

Мавзуга оид