s
USD: Rub: Eur:
2023-08-18 618

Оила қўрғони дарз кетмасин

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти туғилганидан умрининг охиригача оила даврасида кечади. Оила эса, албатта, никоҳ тузилганидан сўнг вужудга келади. Кўплаб ҳолатларда фуқаролардан оилавий можаролар, алимент масаласи, шунингдек, ажралиш ҳолатларидаги мулкий низолар хусусида хат ва аризалар келиб тушади. Уларни таҳлил қилар эканмиз, бу ҳолатлар оилавий муҳит, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари оқибатида келиб чиқаётганига амин бўламиз. Мамлакатимиз қонунчилигида никоҳ тузиш шартлари, тартиби, никоҳ шартномаси ва уни ўзгартириш, бекор қилиш омиллари белгилаб қўйилган.

Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.

Ҳақиқатан, оила - муқаддас даргоҳ. Табиийки, бу мезон никоҳнинг азиз тушунча эканини кўрсатади.

Афсуски ушбу тушунчалар мазмун-моҳиятини ҳамма ҳам тушунавермайди, натижада яхши ниятлар билан тузилган никоҳнинг бекор қилиниши, оилаларни ажрашиши ва бегуноҳ болаларнинг етим бўлишига олиб келади.

Мазкур тоифадаги ишларни кўришда судлар ажримларни олдини олиш борасида маҳаллий давлат хокимяти органлари, “Оилани қўллаб қувватлаш” бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа маъсул ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган бўлса-да, минг афсуски никоҳдан ажрашиш ҳақидаги судларга мурожаатлар кўпаймоқда.

Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2022 йил давомида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2550 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 1624 таси қаноатлантирилган, 72 та фуқаролик ишлари бўйича иш юритиш тугатилган, 691 та даъволар рад қилинган, 163 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Жорий 2023 (2022) йилнинг январь-апрель ойлари давомида судлар томонидан 914 (732) та фуқаролик ишлари кўрилган бўлса, бу 182 тага кўпайганини кўриш мумкин.

Жорий йилнинг шу даврида кўрилган никоҳдан ажратиш ишларидан 555 (441) таси қаноатлантирилган, 250 (215) таси рад этилган, 88 (50) таси кўрмасдан қолдирилган, 21 (26) таси иш юритишдан тугатилган.

Бундан кўринадики никоҳдан ажратилган оилалар ўтган йилнинг шу давридаги кўрсатгича нисбатан 114 тага кўпайган. 

Никоҳдан ажрашиш сабаблари таҳлили шуни кўрсатадики, ажрашиш истагида судга мурожаат қилганларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлганлар эканлиги, ажрашиш учун келтирилган важлар оиладаги вақтичалик келишмовчиликлар, турмушга учинчи шахсларнинг аралашиши, бир-бирига ҳиёнатда гумонланиш ва бошқаларни кўриш мумкин.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги низолар ўзи билан бошқа тоифадаги яъни алимент ундириш, бола тарбияси билан боғлиқ низолар, уй-жойдан фойдаланиш юзасидан низолар, мол-мулкларни ундириш ва бўлиш ҳақидаги низоларни ҳам юзага келтиришини, шу билан бирга оиладаги носоғлом вазият жиноятчиликни кўпайишига ҳам олиб келаётганини кўриш мумкин.

Шу мақсадда ёшларга оиланинг муқаддаслиги, никоҳ тузишнинг эркинлиги, ўзаро розилик, никоҳ ёши ва никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларни мактаб давридан ўргатиш ҳамда уларни хаётга тайёрлаш лозим.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, никоҳ муқаддас, у ҳар бир кишининг келажагини белгилайдиган муҳим ва масъулиятли маросим. Бир донишманд айтганидек, никоҳдан ўтиш мажбурий эмас, лекин ундан ўтдингми, унинг қонун-қоидаларига риоя этиш мажбурий. Никоҳдан ўтишнинг ўз масъулияти ва мажбурияти бор, албатта. Зеро, никоҳнинг қонун-қоидаларига сўзсиз бўйсуниш, ҳаётнинг оғир ва енгилига доимо тайёр бўлиш, турмуш синовларини сабот ва матонат билан енгиш оилавий бахт калитидир.

 

Зафар Султанов, Хоразм вилоят суди судьяси                                       

Мавзуга оид