s
USD: Rub: Eur:
2025-06-09 678

Суднинг қарори билан ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фермер хўжалиги мажбурий тартибда чиқарилди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади) 1-моддасига кўра, ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Ер кодексининг 85-моддасида ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқлар белгиланган бўлиб, жумладан ер тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган, барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар (ёзма буйруқлар) бериш, айбдор мансабдор шахсларни ва фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиш, ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган, ажратилган ер участкасига туташ ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш оқибатларини бартараф этиш бўйича даъволар тақдим этиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар юбориш ҳуқуқларига эгалиги  белгиланган.

Шу ўринда фикримни Шовот туманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирсак.

Даъвогар Кадастр агентлигининг вилоят бошқармасисудга даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар фермер хўжалигига нисбатан ўзбошимчалик билан эгалланган 2500 кв.метр ер майдонидан чиқариш ва  ер майдонини ўз хисобидан олдинги ҳолатига келтиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2023 йил 20 ноябрдаги 28-сонли қарорининг 33-бандида қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган (реализация қилинмаган), шу жумладан, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаган, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар олинмаган ҳолда фойдаланилган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ҳисобланиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Ишни кўриш жараёнида жавобгарга ушбу ер майдони қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаганлиги, шу жумладан, берилган ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаганлиги, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар олинмаганлиги, шундай бўлса-да жавобгар ушбу ер майдонидан фойдаланиб келаётганлиги ҳолатлари аниқланди.

Ер кодекси 91-моддасига кўра ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Маълумки, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлар, шу билан бирга даъвогар, жавобгар вакиллари ва ишга жалб қилинган мутахассиснинг берган тушунтиришлари билан жавобгар қонун талабларига риоя қилмасдан ўзига тегишли ер участкаси таркибига кирмайдиган, унга туташ бўлган 2500 кв.метр ер майдонининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, озуқа экинлар экиб, фойдаланиб келаётганлиги ҳамда бугунги кунга қадар аниқланган ушбу қонунбузилиш ҳолатларни жавобгар бартараф этиш чораларини кўрмаганлиги тўлиқ исботини топди.

Шунга кўра, суд даъво аризани қаноатлантириб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонидан фермер хўжалигини мажбурий тартибда кўчириб чиқариш ҳамда ушбу ер майдони унинг ҳисобидан яроқли ҳолатга келтириш тўғрисида тўхтамга келган.

 

 

Ў.Мадрохимов
Шовот туманлараро       

иқтисодий судининг судьяси

 

                                                                                          

Мавзуга оид