s
Ижтимоий ҳимоянинг янги қиёфаси: Меҳрибонлик уйларидан меҳрли хонадонларга
Президентимизнинг 2025 йил 24 декабрдаги “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ижтимоий етимликка қарши курашиш ва оғир вазиятга тушиб қолган болаларни реабилитация қилишда мутлақо янги саҳифа очди. Бугунги кунда дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, энг замонавий Меҳрибонлик уйи ҳам бола учун оила муҳитини бера олмайди. Боланинг руҳий саломатлиги ва жамиятга ижтимоийлашуви учун оила меғри сув ва ҳаводек зарур. Фармоннинг долзарблиги ҳам айнан «деинституционализация» — болаларни муассасалардан оилага қайтариш ғоясига асосланганлигидадир.
2026 йил 1 февралдан бошлаб республикамизда профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бу нима дегани? Бу шунчаки васийлик эмас, балки зўравонликдан жабрланган ёки ижтимоий хавфли аҳволда қолган бола билан ишлаш учун махсус ўқитилган, психологик тайёргарликдан ўтган оилалардир. Улар боланинг руҳий жароҳатини даволашда давлатнинг асосий шеригига айланади.
Фармонга мувофиқ, бундай оилаларга давлат томонидан катта имтиёз ва мажбуриятлар берилмоқда. Жумладан, профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида иш ҳақи тўланади. Бундан ташқари, боланинг барча яшаш харажатлари Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Дастлабки босқичда Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари ташкил этилади. Бу марказлар йирик интернатлардан фарқли ўлароқ, болаларга индивидуал ёндашув ва оилавий муҳитни таъминлайди. Шунингдек, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларида ташкил этиладиган «Меҳрли оила» хизмати орқали ота-оналарга бепул оилавий терапия тақдим этилади. Бу чоралар зўравонлик илдизини қирқиш ва оилавий муносабатларни соғломлаштиришга хизмат қилади.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бу фақат ҳуқуқий жараён эмас, балки меҳр ва эътибор масъулиятидир. Мазкур Фармон ҳар бир боланинг оилавий бахтга бўлган ҳуқуқини таъминлаш йўлидаги оламшумул қадамдир. Оила муҳитини сақлаб қолиш ва зўравонликка учраган болаларга янги ҳаёт бериш орқали биз соғлом жамият пойдеворини тиклаймиз.
Маҳмуд Маҳмудов, Хоразм вилоят суди судьяси