s
Давлатимиз раҳбарининг “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони жамиятимизда «Инсон қадри учун» тамойилини янги босқичга олиб чиқди. Бугунги глобаллашув даврида болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш нафақат ҳуқуқий, балки миллат генофондини асрашга қаратилган стратегик заруратдир. Зўравонликнинг ҳар қандай шакли хоҳ у жисмоний, хоҳ руҳий бўлсин эртанги кунимиз эгаларининг шахс сифатида шаклланишига соя солади. Шу сабабли мазкур Фармонни жамиятда болаларга нисбатан зўравонликга «мутлақо муросасизлик» муҳитини яратиш йўлидаги энг муҳим ҳуқуқий пойдевор десак адашмаймиз.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификация қилиниши, 2008 йилдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқий пойдевор бўлган эди. Бироқ, ўтган давр мобайнида ижтимоий муносабатлар ўзгарди. Бугун болалар нафақат жисмоний тазйиқдан, балки психологик босимдан, кибербуллинг ва ижтимоий яккаланишдан ҳам ҳимояга муҳтож. Шу сабабли, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ушбу Стратегия замон талабларига жавоб берадиган, бола манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган яхлит тизим сифатида майдонга чиқди.
Фармон билан тасдиқланган 2026–2030 йилларга мўлжалланган Стратегиянинг асосий мақсади — жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига нисбатан «мутлақо муросасизлик» муҳитини яратишдир. Бу дегани, эндиликда боланинг ҳуқуқи бузилган ҳар қандай ҳолат оилада бўладими ёки таълим муассасасида давлатнинг қатъий назоратида бўлади. Ўзбекистоннинг Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилиши ва Глобал альянс аъзолигига қабул қилиниши, бизнинг халқаро стандартларга содиқлигимизни кўрсатади.
Стратегиянинг 2026–2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида жамиятда «бегона бола бўлмайди» деган тушунчани шакллантириш, болалар хавфсизлигини мониторинг қилишнинг халқаро стандартларини жорий этиш устувор вазифа қилиб белгиланган. Бу нафақат давлат идоралари, балки ҳар бир фуқаро, ҳар бир маҳалла фаоли зиммасига юксак масъулият юклайди.
Бу тизим доирасида болаларни ҳимоя қилиш нафақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг, балки бутун жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг бурчига айланмоқда. Стратегиянинг амалга оширилиши натижасида болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг мутлақо янги ижтимоий-ҳуқуқий механизми шаклланади.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бу келажакни ҳимоя қилиш демакдир. Президентнинг ушбу Фармони Ўзбекистонда боланинг қадр-қиммати, унинг соғлом ва бехавотир улғайиши давлат сиёсатининг олий мезони эканини яна бир бор исботлади. Бу тарихий қадам миллатимизнинг маънавий баркамоллиги йўлидаги энг мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилади.
Ойбек Маҳмудов, Хоразм вилоят суди судьяси