s
USD: Rub: Eur:
2025-04-22 711

Суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишда аҳоли манфаати кўзланди ва уларга судда иштирок қилиш учун янада қулай шароитлар яратилди

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд эди. Бунга жавобан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги  “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуни қабул қилинди. Шу туфайли Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш деб номланган 209-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг
209- моддасида судларда видеоконференцалоқани амалга оширишнинг техник имконияти бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар суднинг видеоконференц алоқа режимидаги мажлисида бу ҳақда ўзлари илтимоснома берганда ёки суднинг ташаббусига кўра иштирок этиши мумкинлиги ҳамда кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши тўғрисида суд ажрим чиқариши, ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга ва ўз кўмагида ушбу шахслар бундай мажлисда иштирок этиши мумкин бўлган тегишли судга юборилиши ҳақида нормалар белгиланган эди.

Юқоридаги қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси 209-моддасининг 2 ва 3 қисмларига қуйидагиўзгартириш ва қўшимча киритилди:

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Ушбу нормалар орқали агар бирор шахс суд мажлисида шахсан иштирок этиш имкониятига эга бўлмаса (масалан, бошқа шаҳарда ёки қишлоқда бўлса) у видеоконференция орқали судда қатнашиши мумкин. Бу орқали шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича энг яқин суднинг видеоконференция тизимидан ёки суднинг ўзининг мобиль видеоконференция тизимидан фойдаланиш имкониятининг ҳуқуқий асоси яратилди.

Бундан ташқари, суд видеоконференция орқали иштирок этаётган шахсларнинг мажлисга келган-келмаганлигини текширади ва иштирокчиларнинг шахсини аниқлайди. Агар шахс мобиль видеоконференция тизими орқали қатнашаётган бўлса, унинг шахси суд томонидан ахборот технологиялари ёрдамида аниқланади. Бошқача қилиб айтганда, суд бу иштирокчисининг кимлигини тасдиқлаш учун замонавий технологиялар (масалан, юзни таниб олиш ёки бошқа электрон усуллар)дан фойдаланади.

Юқорилардан ташқари, ФПКнинг 209-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди: “Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.”

Бу қўшимча, видеоконференцалоқа орқали иштирок этаётган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларнинг шахсий ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳақида тушунтириш берилиши зарурлигини таъкидлайди. Шунингдек, гувоҳнинг қасамёди ва унинг суддаги сўзлари аудио ва видеоёзувда сақланади, бу эса жараённинг аниқ ва шаффоф бўлишини таъминлайди.

Худди шунга ўхшаш ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 166-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 144-моддаларида ҳам ўз аксини топди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал Кодексининг
33-моддасининг 1-қисмига асосан,  аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади, дейилган.

Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судига даъвогар С.А(эркак) жавобгар Х.А (аёл)га нисбатан пул ундириш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилиб, даъво аризасида жавобгардан ўзининг фойдасига 43.057.000 сўмни ва суд харажатларини ундириб беришни сўраган. Жавобгар Х.А ҳозирда Қорақалпоғистонда таҳсил олаётганлиги сабабли суд идорасига боришга имкони йўқлигини билдириб, суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа орқали  қатнашиши ҳақида илтимоснома киритган.

Суд жавобгарнинг суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа орқали  қатнашиши ҳақида илтимосномасини қаноатлантирган ҳамда иш ҳужжатларини тегишли тартибда ўрганиб чиқиб, қонуний қарор қабул қилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, қонунчиликдаги бу ўзгартиришлар суд жараёнларини янада осонлаштириш ва фуқароларнинг суд мажлисларига масофадан, яъни видеоконференция орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш учун киритилган. Бу, айниқса, узоқ ҳудудларда яшовчи ёки бошқа сабабларга кўра судга келолмайдиган фуқароларга жуда ҳам катта қулайлик туғдиради.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Шовот туманлараро суди судьяси                                         М.Ж.Холлиев

Мавзуга оид