s
Тарихдан маълумки, мамлакатимиз мустақил давлат бўлишидан олдин собиқ совет тузуми даврида бир турдаги мулк, яъни фақат давлат мулки мавжуд эди. Хусусий мулк мавжуд эмас эди, хусусий мулк эгалари чайқовчи сифатида жавобгарликка тортилганлар.
Мустақилликка эришгандан сўнг, мулк шаклларига йўл очилиб, иқтисодиётимиз ривожланишни бошлади. Йилдан йилга мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниб келинмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятига кўра, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг тадрижий ривожланишидан келиб чиқиб ҳаётий заруриятга айланди. Миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ўта муҳим бўлган адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлди.
Конституция ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янги Конституция бўлганлигини алоҳида қайд этиш керак. Зеро, унинг аксарият нормалари принципиал жиҳатдан янгиланди, биргина инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар қарийб икки баробарга ортганлиги юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият эканлигидан далолатдир.
Олдинлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун мулкдорнинг ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унинг ҳуқуқлари қонуности ҳужжати билан тартибга солинар,давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун мулкдорнинг ер участкаси олиб қўйиш ҳокимнинг қарори билан амалга оширилар, кўчмас мулкнинг компенсацияси эса турар жой бузилгандан сўнг берилиши назарда тутилган эди.
Шунингдек, эски таҳрирдаги Бош қомусимизда мулкдорнинг уй-жой билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқлари, шу жумладан мулкдорнинг турар жойи бузилган тақдирда унинг мулкий ҳуқуқларини ҳимояси тўлалигича конституция нормаси билан мустаҳкамланмаган эди.
Эндиликда, мулкдорнинг турар жойи бузилган тақдирда унинг мулкий ҳуқуқларини ҳимояси конституция билан мустаҳкамланиб, Ўзбекистон Республикаси Контитуциясининг 47-моддаси билан белгиланди.
Унга кўра, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади деб белгиланди.
Шу билан бирга, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайтирилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Бош Комусимизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамалакатнинг бутун ҳудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади деб белгиланган.
Бу эса, мулкдорнинг мулкий ҳуқуқлари бузилган тақдирда суд тўғридан тўғри Конституция нормаларни қўллаган ҳолда унинг бузилган ҳуқуқларни тиклашини, агар зарар етказилган бўлса ушбу зарарнинг ўрнини қоплаб беришини англатади.
Мухтасар қилиб айтганда, мулкдорнинг мулкий ҳуқуқлари, шу жумладан ер участкасини жамоат эхтиёжлари учун олиб қўйиш масаласи қонуности нормалари билан эмас, балки тўғридан тўғри конституциявий норма асосида тартибга солинади ва мулкдорнинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинади.
Ғайрат Матякубов, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди раиси