s
Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш мақсадида 2026 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-33-сонли Фармони қабул қилинди.
Қуйидагилар мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгиланган:
(а) никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;
(б) молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;
(в) аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;
(г) оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни «маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифати ва таъсирчанлигини тубдан ошириш.
Шунингдек, эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кенг жамоатчиликнинг ташаббуси ва халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида тайёрланган никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ (тугал) асосларини белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқулланган.
Ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда белгилашига кўмаклашиш, шунингдек, никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш мақсадида белгилансинки:
(а) 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун:
(i) давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;
(ii) ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;
(б) никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.
Ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун «иккинчи имконият» яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
(а) курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилсин;
(б) талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилсин ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилсин.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(а) ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратиш;
(б) масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;
(в) академик таътилга чиққан, курсдан курсга қолган ва талабалар сафидан чиқарилган ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар юзасидан алоҳида статистик маълумотларни юритиш.
Адлия вазирлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтириш тартиби жорий этилиши белгиланган.
Хоразм вилоят судининг
судьяси Исаков Зафарбек Баходирович