s
Кейинги йилларда мамлакатимизда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни, ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашга ҳамда ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда бу борадаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда.
Жумладан, 2024 йил 15 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-997-сон Қонуни билан Фуқаролик процессуал кодексига бир қатор янги қоидалар киритилди.
Кодексда белгиланган қоидалар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишларни юритишнинг ўзига хос хусусиятларига оид янги боб билан тўлдирилди.
Унга кўра, прокурор, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишни (бузиб ташлашни) ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Эндиликда, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар судлар томонидан янги белгиланган нормаларни инобатга олган ҳолда кўрилади.
Хусусан, иш судья даъво аризасини иш юритувига қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарган кундан эътиборан йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш тўғрисидаги талаб суд томонидан қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қайтарилаётган ер участкасининг майдони ва жойлашган жойи (манзили) ҳамда ер участкаси тасарруфига қайтарилаётган давлат органи кўрсатилиши керак.
Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги талаб суд томонидан қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг манзили ва тавсифи ҳамда бузилиши лозим бўлган иморат кўрсатилиши талаб қилинади.
Суднинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар ерга оид ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлашга, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтиришга ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади.
Анвар Рахимов,
фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси