s
USD: Rub: Eur:
2024-03-23 859

Синфда давомат кам бўлса, синф раҳбарлик тўлови ушлаб қолинадими?

 Бу ҳолатда сизга синф раҳбарлик учун қўшимча тўловни ушлаб қолиш ноқонуний.

Биринчидан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 27.06.2023 йилдаги 190-сонли буйруғи билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаси синф раҳбарининг йўриқномасига мувофиқ, синф раҳбари синфдаги давоматни назорат қилиши, бу ҳақида ота-оналар билан боғланиб, келмаганлик сабабларини аниқлаши ва мактаб раҳбариятига ахборот киритиши керак.

Ушбу буйруқнинг 1-иловаси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 01.07.2021 йил 206-сонли буйруғига асосан ММИБДЎнинг лавозим мажбуриятларидан бири бу синф раҳбарларининг фаолиятини ташкил этиш, ўқувчиларининг давоматларини назорат қилиш ҳисобланади.

 Юқоридаги қоиданинг мазмунига кўра, синфдаги давомадни таъминлашга синф раҳбари жавобгар эмас. У давомадни ўз вақтида амалга ошириб, дарсга келмаган ўқувчилар ҳақида юқоридаги мажбуриятини бажариши кифоя.

 Иккинчидан, Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан, ходимнинг розилиги бўлмаган тақдирда эса ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

 Ходимнинг розилигисиз, унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш асослари ичида сиздаги ҳолат мавжуд эмас.

Шундай экан сизнинг иш ҳақингиздан фақат суднинг қарорига мувофиқ ушлаб қолиш мумкин.
 
Маълумот учун, ходимнинг иш ҳақи таркибига Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига 3-иловада “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги низом 3-бандига биноан базавий тариф ставкаси, устамалар ва қўшимча тўловлар киритилади.

 Мана шу қоидага кўра синф раҳбарлик учун тўланадиган қўшимча тўловни ушлаб қолиш нотўғри. Бу ҳолатда иш берувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сизга мазкур ҳолатда туман адлия бўлимига мурожаат қилиш орқали улардан бузилган ҳуқуқларингизни тиклашда амалий ёрдам сўрашни тавсия қиламиз.

Xiva tuman yuridik xizmat ko`rsatish markazi bosh yuriskonsulti
A.Abdusheripov

Мавзуга оид