s
USD: Rub: Eur:
2023-12-04 315

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш - бош мақсадимиз.

Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган янги Ўзбекистоннинг  энг улуғ мақсади, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган.

          Айнан ушбу жиҳатлар янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам мустаҳкам белгиланган. Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат - мамлакатнинг асосий қонуни ҳисобланади.

Конституциямизнинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.

 Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаш, халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг устувор вазифаларидан биридир. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 19-моддасида “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади” деган инсонпарвар норма мустаҳкамланган.

Конституцияга киритилган ушбу норма инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг Ўзбекистон Конституцияси ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ тан олинишини, хусусан, уларни халқаро ҳужжатларда кўрсатилган умумэътироф этилган нормаларни амалиётда тўғридан-тўғри қўллаш, миллий қонунчилик ҳужжатларига сингдириш ва бошқа механизмлар орқали таъминлашни назарда тутади.

Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамда Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши деярли барча демократик давлатлар конституцияларида белгиланган.

Мазкур норма, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларининг инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, давлат органлари ва мансабдор шахсларга қарорлар қабул қилишда халқаро ҳужжатлар талабларига риоя этиши, иккинчидан, фуқароларга давлат органлари билан муносабатларда, шу жумладан суд-тергов амалиётида халқаро ҳужжатлардаги нормалардан фойдаланган ҳолда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратади.

Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсонга тегишли бўлган, унинг яшаш жойи, миллати, жинси, этник келиб чиқиши, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас, ўзаро боғлиқ ҳуқуқлар ва эркинликлардир. Инсон ҳуқуқлари қадр-қиммат, адолат, тенглик, ҳурмат ва мустақиллик каби умумий қадриятларга асосланади.  

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасида илк бор “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари  қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди” деб қайд қилинган тўғридан-тўғри қўлланиладиган муҳим норма мустаҳкамланган.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши деганда, шахснинг Конституцияга бевосита асосланиб, барча қонуний воситалардан фойдаланган ҳолда уларни ҳимоя қилиш имконияти тушунилади.

Инсон асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши уларни тўлақонли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур норма, бир томондан, шахснинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, кенгайтириш ва ривожлантиришни ва иккинчидан, шахснинг ҳуқуқий ҳимояси механизмини такомиллаштиришни таъминлайди.

Шундан келиб чиқиб, ушбу принцип конституциявий норма сифатида белгиланиши қуйидаги имкониятларни яратади: биринчидан, фуқароларимиз учун ўз ҳуқуқларини бевосита ҳимоя қилиш имкониятини беради, иккинчидан, судлар инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид муайян ишларни кўраётганда Конституциядаги инсон ҳуқуқларига оид нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш имкониятини яратади,  учинчидан, барча даражадаги давлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўз фаолиятида инсон ҳуқуқларига бевосита амал қилиш қоидасига риоя қилиши шартлигини яна бир бор эслатиб туради.

Мазкур конституциявий норма ислоҳотларнинг бош мақсади “инсон қадри учун” ғоясини кундалик амалиётимизда бош қадриятга айлантиришга, яъни инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туришини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда давлат органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади инсон қадрини таъминлашдан иборатдир. Дарҳақиқат, инсонни улуғлаш унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда унинг бахтли ҳаёти учун зарур шароит яратишдан бошланади.

          Шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишининг ишончли ҳуқуқий асоси бўлиб, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришга хизмат қилади.

Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги олий қадрият бўлиб, ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида уни амалда таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
2022 йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия билан учрашувда таъкидлаганларидек: “Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт”.

Шу нуқтаи назардан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг
26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас” деган инсонпарвар норма мустаҳкамланди.

Инсон шаъни – бу инсоннинг бошқа одамлар олдида ўз аҳамиятини англаши ёки инсоннинг маънавий обрўсидир. Инсон қадр-қиммати – бу шахснинг ўзини ўзи ҳурмат қилиши, жамият аъзоси сифатида ўз мавқеи ва аҳамиятини англашидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948 йил), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (1966 йил), Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенция (1984 йил) каби халқаро ҳужжатларга асосан инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг ор-номуси, шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига олиб келадиган, ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўядиган, унга жисмоний, маънавий ёки руҳий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш тақиқланиши

шахс шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишнинг асл моҳиятини ташкил этади.

Давлат органлари, мансабдор шахслар, айниқса, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўз фаолиятида ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон шаъни, ор-номуси ва қадр-қимматига дахл қилмаслиги, камситмаслиги, аксинча, уларга инсоний муносабатда бўлишлари лозим. Масалан, шахсий тинтув ўтказилаётган шахс билан бир жинсдаги суриштирувчи ёки терговчи томонидан мутахассис ҳамда холислар иштирокида ўтказилиши ҳам инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлашга қаратилган махсус қоида ҳисобланиб, уни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу нуқтаи назардан, миллий қонунчиликда инсон шаъни ва қадр-қимматига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган бўлса, фуқаролик қонунчилигида эса уларга етказилган зарарни қоплашга доир махсус нормалар назарда тутилган.

Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар қонун-қоидалар билан тартибга солинади. Ҳар бир муносабат ҳуқуқий ечимини топиши шарт. Аммо ижтимоий муносабатларнинг доираси жуда кенг бўлиб, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида ноаниқликлар бўлиши мумкин. Шундай ҳолатларда қонунчиликдаги ноаниқликлар кимнинг фойдасига, қандай тартибда ҳал этилиши ва талқин этилиши муҳим ҳаётий аҳамият касб этади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 20-моддасида, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши тўғрисида қоида мустаҳкамланди.

Мазкур қоидага ўхшаш нормалар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Божхона, Солиқ кодекслари, шунингдек “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунларда ҳам ўз аксини топган бўлиб, амалиётда қонунчиликдаги номувофиқликлар истеъмолчилар, солиқ тўловчилар, тадбиркорлик субъектлари, жиноят процесси иштирокчилари фойдасига ҳал этилиб келинмоқда.

Эндиликда, ушбу қоиданинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланиш доирасини янада кенгайтиради, яъни нафақат жиноят процесси, солиқ ёки тадбиркорлик соҳасида, балки инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этиш имконини беради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси том маънода демократик тамойиллар асосида яратилган, давлат фаолияти қонун устуворлиги асосида амалга ошириладиган, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун хизмат қиладиган Асосий қонун ҳисобланади.

 

 

Хоразм вилояти маъмурий

судининг раиси                                                                                      Ж.М.Султанова

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид