s
USD: Rub: Eur:
2023-07-19 871

Фуқаролар ўртасида бўладиган қарз муносабатлари

         Ассаломуалайкум азиз юрдошлар ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ҳар томонлама шиддат билан ривожланиб, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятидаги ролини янада ошириш учун қонунчилик базаси доимий такомиллаштириб борилмоқда ва қонунларимиз халқимизнинг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи асосий восита бўлиб қолмоқда.

Бунга мисол қилиб, бугунги ҳаётимизда ҳар биримиз дуч келадиган қарз муносабатларини олишимиз мумкин.

Мисол тариқасида; Ж.Махмудов ўртоғи И.Рахимовдан 5.000.000 сўм пулни 5 ой муддатда қайтариш шарти билан 2022 йил 10 октябрь кунида олган ва бу ҳақида тилхат ёзиб берган. Бироқ 2023 йил 10 март кунига қадар олган қарзини қайтармаган. И.Рахимов ўртоғи Ж.Махмудовдан бир неча маротаба қарзини қайтаришни талаб қилган бўлса-да, Ж.Махмудов олган қарзини қайтармаган.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига мувофиқ қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Бироқ, фуқароларимиз шунга эътибор беришлари лозимки, ушбу кодекснинг 733-моддасида, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шартлиги, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида (Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар. Қонунда ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.) назарда тутилган оқибатларга олиб келади.

Шунингдек, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Қонун талабларига мувофиқ қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт бўлиб, бу билан қарз берувчиларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларини ҳимоя қилинган дейишимиз мумкин.

Ҳудди шунингдек, Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Яна шуни айтишимиз лозимки қарз муносабатларидан келиб чиқадиган барча ҳолатлар қонунларимиз билан қамраб олинган. Жумладан, Қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни қарз берувчидан амалда олмаганлигини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганлигини исбот қилиб, қарз шартномаси юзасидан даъволашишга ҳақли. Ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас, шартнома алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар қарз олувчи қарз шартномаси юзасидан даъволашуви жараёнида пул ёки бошқа ашёлар ҳақиқатдан ҳам қарз берувчидан олинмаганлиги аниқланса, қарз шартномаси тузилмаган ҳисобланади. Қарз олувчи қарз берувчидан пул ёки бошқа ашёларни шартномада кўрсатилганидан амалда кам миқдорда олган ҳолларда шартнома ана шу миқдордаги пул ёки ашёларга тузилган ҳисобланади.

И.Рахимов иложи қолмагач Ж.Махмудовдан қарзини ундириб беришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилди ва суднинг ҳал қилув қарори билан Ж.Махмудовдан И.Рахимовнинг фойдасига мавжуд қарздорлик ундириб берилди.

Демак, фуқароларимиз қарз муносабатларига киришишда ушбу қонун талабларига қатъий риоя қилишлари шарт. Чунки, қонун талабларига риоя қилишлари келгусида юзага келиши мумкин бўлган низони олдини олади ва берган қарзларини қайтишининг кафолати бўлиб қолади.

        

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Урганч туманлараро судининг раиси                        Ш.Б.Исмаилов

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид