s
✅ Сиз ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагандан сўнг бемалол йиллик меҳнат таътилига чиқишга ҳақлисиз.
Қаранг! Меҳнат кодекси 400-моддасига кўра ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, тегишинча ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.
Бунда таътил муддати тугагандан сўнг, ходим ўз хоҳиши билан ишга чиқиши, МК 404-моддасига кўра бола парваришлаш таътили ёки МК 400-моддасига асосан навбатдаги йиллик меҳнат таътилини олиш ҳуқуқига эга. Танлов ҳуқуқи ходимнинг ихтиёрида бўлиб, юқоридаги 3та ҳуқуқдан бирини ўзи танлайди.
✅ Юқоридаги қоидага кўра сиз декретдан кейин йиллик меҳнат таътилини олишингиз мумкин. Ушбу кодекс 218 ҳамда 501-моддаларига мувофиқ педагогларга узайтирилган меҳнат таътили берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сон қарорига иловада тасдиқланган Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларида умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг Ўқитувчи, ўқитувчи-логопед, ўқитувчи-дефектологи учун 56 календар кунидан иборат узайтирилган меҳнат таътили берилади.
Лекин таътил пули камроқ тушади. Меҳнат кодексининг 233-моддасида ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланиши белгиланган.
Бунда ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади (МК 257-м 1-қисм).
Шу қоидага кўра ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда у 12 ойдан ортиқ ишлаган бўлса, унинг таътилга чиқишдан олдинги 12 ойлик даврда корхонадан олган барча тўловлари (иш ҳақи, моддий ёрдам, мукофот пули ва бошқалар) қўшилган ҳолда 12га бўлинади.
Энди қаранг! Ушбу модданинг олтинчи қисмига кўра ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олган бўлса ўртача иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилаётганда ҳисоб-китоб давридан вақт, шунингдек ушбу вақтда ҳисобланган суммалар чиқариб ташланади.
Мана шу қоидага кўра сизнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун олган пулингиз ўртача ойлик иш ҳақидан чегириб ташланади, бироқ бу давр сизнинг иш стажингизга қўшилади.
Хива туман ЮХКМ бош юрисконсулти А.Абдушерипов