s
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.
Маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини янада кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.
Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишда халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.01.2025 йилда “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 33-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб бир қанча вазифалар белгилан, жумладан:
қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш;
маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этилиши қонунан мустаҳкамланиши назарда тутилган.
Дастлабки эшитув институтининг жорий қилиниши суд мажлисида йўл қўйилиши эҳтимоли бўлган процессуал қонунбузилишларининг олдини олиш ва маъмурий ишни суд мажлисида мукаммал кўришга тайёрлашда хизмат қилади.
Давлат органининг мансабдор шахси ёки унинг вакили маъмурий суднинг суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш бўйича гапирадиган бўлсак, қарорда давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шарт ҳисобланади;
давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилади, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилади;
давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаган ва уларнинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилади.
Маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув қонунда назарда тутилган ҳолларда ўтказилади;
дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади;
талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади;
аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга судья томонидан дастлабки ҳуқуқий баҳо (талабларни аниқлаштириш, ишга дахлдор бўлмаган тарафларни алмаштириш, қўшимча жавобгарни жалб қилиш ва бошқалар) берилади. Бунда кўрилаётган ишнинг мазмунан ҳал этилиши бўйича якуний фикр билдиришга йўл қўйилмайди;
дастлабки эшитув ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилади, ушбу муддат суд муҳокамаси учун белгиланган муддатга киритилмайди;
дастлабки эшитув натижасига кўра аризани қайтариш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Шу ўринда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ва маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш мехнанизмларини такомиллаштириш ҳам айни соҳанинг мустақил йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Президентимизнинг ушбу қарорида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини такомиллаштириш зарурати ҳам таъкидланган.
Ушбу ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш келгусида биринчи навбатда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ўз вақтида тикланишини таъминласа, иккинчидан; маъмурий судларни суд аралшувисиз ҳам ҳал этилиши мумкин бўлган ишларни синчковлик билан кўриш, иш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Хусусан, маъмурий судлар фаолиятининг асосий мақсади нафақат давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятида содир этилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қарорлар қабул қилиш, балки келгусида ҳам бундай ноқонуний ҳолатлар рўй беришининг олдини олишдан иборатдир.
Хоразм вилояти маъмурий суди раиси
Ж.М.Султанова