s
13 июнь куни Урганч шаҳрида “Жамоатчилик назорати самарали тараққиётнинг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. “Юксалиш” умумиллий ҳаракати Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоятдаги Жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Давра суҳбати республикамиз бўйлаб иш бошлаган Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасида ташкил этилди. Ҳафталик беш кун мобайнида (13—17 июнь кунлари) уч мингдан зиёд иштирокчилар — нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий бошқарув органлари, экспертлар, фаол фуқаролар, оммавий ахборот воситалари вакилларини битта мулоқот майдонига жамлайди. Ҳафталик дастуридан форум, конференция, давра суҳбати, мунозара, телемуҳокама, тренинг, марафон шаклидаги 30 дан зиёд тадбирлар ўрин олган.
Таъкидландики, бугун мамлакатимизда жамоатчилик уйғонди – турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин билдирмоқда. Қонун устуворлигига эришишда, давлат бошқаруви органларининг самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати самарали воситадир.
Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2018 йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Жамоатчилик назоратини фуқаролар, маҳаллалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари амалга оширади. Бугунги кунда улар жамоатчилик назоратини муҳокама, эшитув, мониторинг, экспертиза каби шаклларда олиб бормоқда.
Қайд этилишича, Хоразм вилоятида жами 578 та нодавлат нотижорат ташкилотлари, 526 та маҳалла фуқаролар йиғинлари, 40 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида 26 та жамоатчилик кенгашлари фаолият юритмоқда.
2021 йил давомида “Юксалиш” ҳаракатининг Хоразм вилояти бўлинмаси, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда вилоятдаги фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида жамоатчилик мониторинглари ва 11 маротаба жамоатчилик эшитувлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида Ҳаракат ҳузурида Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳини ташкил этиш ҳамда ҳудудларда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш таклифлари қўллаб-қувватланди.
Жорий йилнинг февраль-апрель ойлари давомида бутун республика бўйлаб ана шундай жамоатчилик гуруҳлари тузилди ва аъзолари тасдиқланди. Улар чора-тадбирлар ижроси бўйича аҳолининг фикрлари, таклиф ва эътирозларини қабул қилган ҳолда илгари сурилган ташаббусларни тизимлаштириб, ҳар ойда Республика комиссиясига киритиб боради.
Тараққиёт стратегиясининг ҳар бир мақсад ва вазифаларини амалга оширишда жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш муҳим ҳисобланади. Давлат органлари устидан жамоатчилик назоратнинг кучайиши, мутассаддиларнинг ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишларига хизмат қилади.
Давра суҳбатида иштирокчилар жамоатчилик назоратини амалга оширишда сифат ва самарадорликка жиддий эътибор қаратиш, кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган муаммоли масалаларни аниқлаб, таҳлил қилиш, уларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш каби муҳим йўналишларда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси