s
USD: Rub: Eur:
2023-06-23 947

Ер муносабатлари билан боғлиқ низолар

Инсон яшаши, ризқ топиши, фаровон турмуш кечириши учун ердан унумли фойдаланмоғи лозим. Бунинг натижаси эса инсон учун ҳам, халқ ва давлат учун ҳам катта манфаат келтиради.

Ердан фойдаланиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашда ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари масъулиятини янада ошириш мақсад қилинган.

Мамлакатимизда аҳоли сонининг йилдан-йилга ўсиб бораётгани сабаб уларни етарли ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга эҳтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Бунда эса мавжуд ўзгармас бойлигимиз бўлган ердан унумли фойдаланишга эришиш устувор масала бўлиб қолмоқда.

Афсуски айрим ҳолларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, улардан самарасиз фойдаланиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Ердан ноқонуний фойдаланган ва ўзбошимчалик билан уй қурган фуқароларда на ерга, на мулкка нисбатан ҳуқуқни берувчи ҳужжатнинг ўзи йўқ.

Ер ҳоким қарорисиз (ёки бошқа ҳужжатсиз) эгаллаб олинса “ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш”, деб ҳисобланади ва бу жавобгарликка сабаб бўлади.

Хива тумани ҳокимининг қарори билан фуқаро И.Матқурбановга (исм-фамилиялари ўзгартирилган) давлат-хусусий шериклик асосида, “Гандимён” маҳалласи ҳудудида “Париша” МФЙ биносини қуриб бериш шарти билан Гандимён қишлоғи ҳудудидан “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари” биноси қурилиши учун жами 2000 кв.метр ер майдони ажратиб берилган.

Шунга кўра, И.Матқурбановнинг мазкур ер майдонига бўлган ҳуқуқи Кадастр агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси Хива туман филиали томонидан давлат рўйхатига олинган.

Даъвогар И.Матқурбанов ўзига “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари” биноси қурилиши учун ажратилган ва унинг номига давлат рўйхатига олинган низоли ер майдонидан ушбу ҳудудда яшовчи фуқаролар О.Тангиров, И.Исмаилов ва Д.Курбановлар фойдаланиб келаётганликлари ва низоли ер майдонидан ўз мақсадида фойдаланишига қаршилик қилганликлари сабабли даъвогар И.Матқурбанов судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Унга кўра, жавобгарлар О.Тангиров, И.Исмаилов ва Д.Курбановларнинг эгалигидан Гандимён қишлоғи ҳудудида жойлашган Хива тумани ҳокимининг тегишли қарори билан “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари” биноси қурилиши учун ажратилган 2000 кв.метр ер майдонини даъвогар И.Матқурбановга олиб бериб, жавобгарларни ушбу ер майдонидан чиқариш;

жавобгарларО.Тангиров, И.Исмаилов ва Д.Курбановлардан даъвогар И.Матқурбановнинг фойдасига давлат божи учун тўланган 490000 сўмни ва почта ҳаражати учун тўланган 17150 сўмни ундириш белгиланган.

Жавобгар О.Тангиров апелляция шикоятида даъвогарга ажратиб берилган 2000 кв.метр ер майдони ўзлари фойдаланиб келаётган томорқа еридан бошқа ҳудудда жойлашганлигини, низоли ер майдони ўзига қўшимча томорқа сифатида ажратиб берилганлигини важ қилиб келтирган.

Бироқ, судлов ҳайъатининг сўровига асосан берилган Кадастр агентлиги Хоразм вилоят бошқармасининг жавоб хатида фуқаро И.Матқурбановга “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари” биноси қурилиши учун ажратилган 2000 кв.метр ер майдони фуқаролар О.Тангиров, И.Исмаилов ва Д.Курбановлар томонидан ҳеч қандай ҳуқуқ туғдирувчи ҳужжатларсиз фойдаланилиб келинаётганлиги кўрсатилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил
3 февралдаги “Ер кодексини тадбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 3-сонли қарорининг 9-бандига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича тарафлар низоли ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилишлари шарт.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Аниқланган иш ҳолатларидан келиб чиқиб Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Амалдаги қонунларга кўра агар фуқаро ёки тадбиркор ер участкасини ноқонуний, яъни ҳеч қандай ҳужжатсиз (ҳаттоки ёнидаги бўш турган “ҳеч кимга керак бўлмаган” ерни ҳам) эгаллаб олса, ушбу ер участкаси унинг розилигисиз олиб қўйилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ердаги бино бузилади. Ноқонуний эгаллаб олинган ердаги бино учун компенсация берилмайди, аксинча қонунни бузган шахс жаримага тортилади ва у ўз ҳисобидан ерни аввалги ҳолатига қайтариши шарт.

Хулоса ўрнида айтганда ердан самарали фойдаланиш орқали фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мулк ҳуқуқи ва даҳлсизлиги, фуқароларнинг сифатли ҳамда арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига эришиш айниқса, умуммиллий бойлигимиздан унумли фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Жамоладдин Курязов, Хоразм вилоят судининг судьяси               

Мавзуга оид