s
USD: Rub: Eur:
2023-12-04 369

Тикланган оила болалар ҳаётида ўзгариш ясади

Жамиятнинг  асосий бўғини ҳисобланган оилада эркак ва аёлнинг ўзига хос масъулияти, бурчи ва вазифалари мавжуд.

Оилаларимиз ҳаётимиз ва умримиз мазмуни, жамиятимиз ва юртимизнинг равнақи, тараққиётини белгилайди.

Зеро, тинч-тотув оилалардаги соғлом муҳитда камол топган фарзандлар миллатимизнинг асл фидойилари бўлиб етишадилар.

Аммо, жамиятимизда оила қуриб, фарзанд кўрган бўлсада, оиласи ёки яқин қариндошлари ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик ёки арзимаган масалалардаги келишмовчиликлар туфайли ажрашиш ёқасига келаётган оилалар ҳам борлиги ташвишли ҳолатдир.

Ўзбекистон қонунчилигида миллатимизга хос бўлган одиллик, инсонпарварлик, фарзандларимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат каби эзгу тамойиллар ўз ифодасини топган.Бу эса оилада ота-онанинг ва фарзандларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда оилавий низоси судда кўрилган эр ва хотин ушбу мисолга мурожаат қиладиган бўлсак, юртдошимиз Ҳасанбой билан Муножот 2018 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришди.

Аммо, ёш оиланинг турмуши бир текисда кечмади. Орада бирин кетин икки нафар фарзандлар туғилган бўлсада, ушбу эр-хотин ўзаро тинч-тотув яшаш ва муросага келишга ҳаракат қилишмади.

Аксинча, эр-хотин ва уларнинг қариндошлари ўртасида турли маиший мавзуларда гап-сўзлар авж олди.

Оқибатда, Муножот икки нафар фарзандини олиб ўз ота-онасининг уйига кетди, бундан аччиқланган Ҳасанбой хотини билан тузилган никоҳдан ажратишни сураб судга даъво ариза киритди.

Суд томонидан Ҳасанбойнинг мазкур даъво аризасини кўрилишида эр-хотин ўртасидаги низони чуқур ўрганиб, таҳлил қилинди, ҳасанбой ва Муножот билан ушбу оилани тиклаш борасида тегишли суҳбат ва тушунтириш ишлари олиб борилди, шунингдек суд уларни ўзаро яраштириш ва оилани сақлаб қолиш имконияти борлигини эътиборга олиб, Ҳасанбой ва Муножотга ярашиб олишлари учун олти ой муҳлат тайинлади, бу ҳақдаги суд ҳужжатини улар яшайдиган маҳалладаги оилаларни яраштириш бўйича комиссиясига юборди.

Суд ҳужжатига кўра, эр-хотин яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғини оилаларни яраштириш комиссияси, маҳалла кайвонилари ҳамда ва Урганч шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими фаолларининг сайъи-ҳаракати билан ёшлар, қолаверса уларнинг қайнона ва қайноталари инсофга чақирилди, муросаю мадорага келтирилди.

Шундан кейин, Ҳасанбой билан Муножот фарзандларини келажагини ўйлаб, оилани пароканда қилмаслик мақсадида бир-бири билан ярашди, Ҳасанбой турмуш ўртоғи Муножотни ота уйидан икки нафар фарзанди билан биргаликда ўз уйига олиб кетди.

Эндиликда Ҳасанбой судга ариза билан мурожаат қилиб, Муножот билан ўзаро ярашганликлари боис, у билан тузилган қонуний никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талабидан воз кечганлигини кўрсатди, шу сабабли суд ушбу эр-хотиннинг оиласининг барбод бўлишини олди олинган деб ҳисоблаб, уларни никоҳдан ажратмасдан, ишни тугатди.

Ҳозирги кунда Ҳасанбой билан Муножот фарзандлари билан биргаликдаўз уйида тинч-тотув яшаб келмоқда.Бу қонунчилигимизда инсон, аёллар ва болалар ҳуқуқлари кафолатланганлигининг далолатидир.

 

Мавсума Йўлдошева , Хоразм вилоят суди судьяси   

 

 

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид