s
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси (ИД-87283) жорий йил 10-октабр куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасида иккита муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 129-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси бошчилик қиладиган марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини ташкил этиш, иккинчидан, мамлакат сайлов тизимига аралаш (мажоритар, пропорсионал) сайлов шаклини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказишни назарда тутувчи янги ва демократик нормаларни мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш назарда тутилган.
Қиёслаш учун хорижий давлатлар сайлов қонунчилиги ва амалиётига эътибор қаратилса, таҳлил этилган йигирмадан ортиқ хорижий давлатларда, жумладан, Молдовада 9 нафар, Латвияда 9 нафар, Қозоғистонда 7 нафар, Озарбайжонда 18 нафар, Украинада 17 нафардан иборат Марказий сайлов комиссияси тузилади ва доимий асосда фаолият олиб боради. Ушбу давлатлар ҳудудий сайлов комиссияларида 3 нафардан 5 нафаргача, туман/шаҳар сайлов комиссияларида 2-3 нафар комиссия аъзолари доимий асосда фаолият юритади. Марказий сайлов комиссияси барча даражадаги сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилган, мамлакатимизда марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини шакллантиришга қаратилган нормалар халқаро сайлов стандартлари талабига, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасига тўла мос келади ва ушбу долзарб нормаларнинг миллий сайлов қонунчилигида ўз аксини топиши, келгусида мамлакатимизда барча даражадаги сайловлар ва референдумни Конституция, сайлов ва референдумга оид қонунларга мувофиқ тарзда, юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда ўзининг ижобий самарасини беради.
Хоразм вилоят адлия бошқармаси
Бош маслаҳатчиси
Расулбек Ибрагимов