s
USD: Rub: Eur:
2026-06-23 958

ШАРТНОМАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ: НОТАРИАТ ФАОЛИЯТИДА ЯНГИ ИМКОНИЯТ ВА ҚУЛАЙЛИКЛАР

 

Бозор иқтисодиёти шароитида шартномавий муносабатлар фуқаролик муомаласининг асосий ҳуқуқий воситаларидан бири ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар ҳамда давлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда шартномаларнинг ўрни беқиёсдир. Шу боис мамлакатимизда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тарафлар эркинлигини кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур соҳадаги қонунчилик ҳужжатлари чуқур таҳлил қилиниб, шартномалар тузиш ва уларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган қатор муҳим таклифлар ишлаб чиқилди.

Хусусан, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аҳоли ва тадбиркорлар учун қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида нотариуслар томонидан шартномаларни тасдиқлашда коммунал тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот олиш талаби бекор қилиниши назарда тутилмоқда. Бу эса нотариал хизматларни тезкор ва самарали кўрсатишга хизмат қилади.

Шунингдек, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳам такомиллаштирилмоқда. Жумладан, қарз шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариш имкониятини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур янгилик фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан бирга, ҳуқуқий муносабатларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, банк ҳисобварақларидаги маблағларни мижоз розилигисиз ҳисобдан чиқариш фақат суд қарори ёки банк ҳамда мижоз ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу эса мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги тамойилини янада мустаҳкамлайди.

Ислоҳотлар доирасида шартнома шартларини белгилашда тарафларнинг эркинлиги кенгайтирилиб, олдиндан тўлов ва аванс миқдорларини белгилаш масаласи тарафларнинг ўзаро келишувига ҳавола этилмоқда. Натижада шартномавий муносабатларда бозор тамойиллари ва эркин рақобат муҳити янада кучаяди.

Шу билан бирга, рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида айрим турдаги шартномаларни фақат электрон шаклда тузиш амалиётини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Бу эса вақт ва маблағни тежаш, ҳужжат айланмасини соддалаштириш ҳамда инсон омилини қисқартиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган мазкур ташаббуслар нотариат институти фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек мамлакатда қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Илхомбой Худайберганов, Урганч шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Худайберганов Руслан Шаназаровичнинг нотариал идораси стажёр нотариуси

 

Мавзуга оид