s
Шу йилнинг 27 ноябрь куни ТТА Урганч филиалида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гинекологик ёрдам сифатини ошириш мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил қилинди. Унда Россиянинг нуфузли тиббиёт муассасаларининг бир гуруҳ етук профессор ва тиббиёт ходимлари иштирок этдилар.
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни назарда тутади. Шулардан бири малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида шу йил 9 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Халқимизнинг соғлиғи ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлик” эканлигиниб, тиббиётни халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича катта марралар белгилаб олинганини таъкидлаб ўтган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу видеоселекторда берилган топшириқлар ҳамда Президентимизнинг соҳага доир фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гинекологик ёрдам сифатини ошириш масаласига алоҳида ёндашилмоқда. Соҳага замонавий даволаш-диагностика усуллари кенг татбиқ қилинаётганлиги оналар ва болалар ўлимини камайтиришга, туғма ногиронликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Анжуманда иштирок этган халқаро экспертлар мамлакатимиз, жумладан Хоразм вилоятида бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо бердилар ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш юзасидан ўз таклифларини бердилар.
Жумладан, Москва дерматовенерология илмий-амалий маркази бош илмий ходими Чернова Надежда Ивановна такрорий вулвовагинал инфекцияларда терапия самарадорлигини ошириш;
А. И. Евдокимов номли Москва тиббиёт-стоматология университети акушерлик ва гинекология кафедраси доценти, тиббиёт фанлари доктори Фириченко Сергей Викторович аёллар касалликларини ташхислаш в а даволашнинг ўзига хослиги, назария ва амалиёт уйғунлиги;
Омск давлат тиббиёт университети акушерлик ва гинекология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Баринов Сергей Владимирович йўлдошнинг ўсиши ва "бачадон лейомиомаси" ва амалиётларда ҳомиладорлик органларини сақлаб қолиш хусусида маъруза қилдилар.
Анжуманда шунингдек, барвақт туғруқларнинг олдини олиш, ЭКО самарадорлиги ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Хорижий меҳмонлар онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали фаолияти билан танишиб, муассаса фаолиятига юқори технологияли замонавий тиббиёт ускунлари татбиқ қилинаётганлигини юқори баҳоладилар. Хотин-қизлар ўртасида учраётган саратон касалликларини даволаш самарадорлигини юзасидан ўзаро тажриба алмашилди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий – амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалига янги тиббий жиҳоз – “электрохирургик юқори частотали, аргон кучайтиргичли коагуляция аппарати” олинганлиги муносабати билан Россия Федерациясидан бир гуруҳ мутахассислар иштирокида семинар ҳамда маҳорат дарслари ташкил қилинди. Меҳмонлар орасида янги ускуна харид қилинган Электрохирургик ва ультратовуш кавитатцион жихозлар ишлаб чикарувчи - "ФОТЕК"компанияси мутасаддилари ҳам бор.
Филиалга ташриф буюрган мутахассислар маҳорат дарси ўтказиб, саратон олди касалликлари ҳисобланган бачадон бўйни яраланган эктопияси ташхиси қўйилган 3 нафар беморда филиал мутахассислари билан биргаликда бачадон бўйнини электроконизация қилиш жарроҳлик амалиётини бажаришди.