s
Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш бўйича 2030 йилга қадар бажариладиган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, жиноят иши юритувида ярашув институтидан фойдаланиш имкониятини 20 фоизга ошириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларидан фойдаланиш даражасини 50 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улушини 45 фоизгача, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни 3 фоизгача ва аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларни ҳам 3 фоизгача камайтириш белгиланди.
Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низоларни муқобил ҳал этиш улушини 20 фоизга етказиш ва маъмурий судларда ишларнинг келиштириш чоралари орқали ҳал этилиш даражасини 50 фоизга ошириш талаб этилади. Бундан кўзланган мақсад — давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдир.
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳам олдимизда турган муҳим мақсадлардандир. Бу борада судьялар орасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш, фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида янги интерактив хизматлар сонини 19 тага етказиш белгиланди.
Ўз навбатида, Президентимиз томонидан жорий йил 16 февралда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича ўта оғир жиноятларга доир ишларни судда жамоатчилик вакилларидан иборат халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш, жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланиши устидан суд назоратини кучайтириб, тергов судьялари ваколатларини кенгайтириш, коррупция, гиёҳвандлик, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш каби устувор ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Шу асосда йил давомида судлар фаолиятига халқаро андозаларга мос янги институтларни жорий этиш орқали одил судлов сифатини янада оширишга жиддий эътибор қаратилади. Бунда жиноят ишлари бўйича суд процессларини халқ вакиллари ¬ ҳайъати (jury) иштирокида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, жиноят ишларида халқаро тан олинган «Хабеас корпус» институти доирасида тергов судьяларига қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги ва бошқа эҳтиёт чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати берилиши муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашиш бўйича самарали ишлайдиган тизим йўлга қўйилмоқда. Бу борада Президентимиз 2026 йил 3 мартда имзолаган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон билан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашишнинг аниқ янги нормалари белгилаб берилгани алоҳида аҳамият касб этди.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажарилиши, ҳар бир инсоннинг орзуларини рўёбга чиқаришга, халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишга асос бўлади.
Дилмурод Юсупов,
Жиноят ишлари бўйича Гурлан туман судининг тергов судьяси