s
“Агар аёл, она бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, бутун жамият, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади”.
Ш.Мирзиёев
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йуналиши бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий тизим яратилди. Конституциямиз ва кодексларимизда, қонун ларимизда инсон эрки, қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кўрсаткич ларидан бири хотин-қизларнинг гендер тенглигини таъминлашдир.
Қайд этиш жоиз, юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар яратилган.
Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида хотин-қизларини хуқуқ ва манфаатларни химоя қилиш борасида бир қатор қонун хужжатлари қабул қилинган.
мисол тариқасида, ўзбекистон республикасининг2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунини; ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамасининг 01.04.2020 йилдаги “хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини, 25.06.2025 йилдаги “тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа бир қатор қонун хужжатларини қайд қилиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуни билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари, Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар турлари қайд қилинган.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;
хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 10 майдаги ПҚ-175-сон қарори қабул қилинган, мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси томонидан 25.06.2025 йилдаги “Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. мазкур қарор билан тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.
аъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг қамровли бўлиб, улар хотин-қизларни таълим олиши, иш ва уй-жой билан таъминланиши, уларга тенг меҳнат шароитлари яратилиши бир сўз билан айтганда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади. Давлат раҳбари ҳам ўз маърузасида “Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволаниши, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади, – деб таъкидлади.
Қолаверса, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилгани хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги муҳим қадам ҳисобланади. Бу барча учун тенг шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши белгиланди.
Уларнинг саломатлигини тиклаш бўйича ҳам аниқ тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, жорий йилда 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланади. 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади. Шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Айниқса, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилиши жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш хизмат қилади. Чунки дастурга кўра, давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этиш, янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши, шунингдек, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши ва бошқа ташаббуслар мамлакатимизда ҳар соҳада гендер тенглиги таъминланишига ва ривожланиш кўрсаткичларининг жадаллашишига замин яратади.
Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам янги босқични бошлаб берди. Қонунларнинг ижросини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, маҳалла фаоллари, жамиятимизнинг барча аъзоларининг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Солаева Дурдона Отаназаровна
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси