s
Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки
USD:10472.67 Rub:137.47 Eur:12335.76
2025-03-27 644

Коррупциянинг олдини олишга барчамиз бирдек масъулмиз

Жорий йил 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида шахсан иштирок этиб, коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга тўхталдилар. Биз судьялар ҳамжамияти учун ҳам бугун долзарб ҳисобланган масалаларга эътибор қаратдилар.

Хусусан, коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланади. Шу боис ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун зарурати қайд этилиб, унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши белгиланди.

Фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари нутқида жамоатчиликка мурожаат қилиб, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканлиги, коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканлигини таъкидлади.

Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилиб, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланиши, бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барча раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди.

Маълумки, кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

 

Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Бунинг самараси ўлароқ суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун қулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгиланганлиги судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур конституциявий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиб, судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилиниб, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини назарда тутувчи нормалар белгиланди.

Ҳақиқатдан бугун давлатимизда судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос ва керакли шароитлар яратилган. Бунда судьялардан қатъият билан қарорлар қабул қилиш, қонунларни тўғри қўллаш ва адолатни таъминлаш талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари соҳаларда коррупциявий омилларнинг олдини олишда давлат органлари томонидан фуқароларга кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Рақамлаштириш суд тизими учун ҳам очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, судга мурожаат қилувчи фуқароларга интерактив кўрсатиладиган хизматлар сонини кўпайтириш орқали енгиллик яратишда жуда муҳим вазифа ҳисобланади.

Бундан кўринадики, давлатимиздаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, адолатни таъминлаш орқали аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш аввало коррупциянинг олдини олишдан бошланади.

 

 

 

Асосий вазифаси қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда адолатни қарор топтириш ҳисобланадиган масканда коррупцияга ўрин йўқ. Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

Олий суд раҳбарияти ҳамда Хоразм вилоят суди томонидан ўтказилган тадбирларда коррупциянинг олдини олиш юзасидан Президентимиз томонидан белгилаб берилган масалалар барча судья ва ходимларга етказилди. Судьялар ҳамжамиятининг ҳар бир аъзоси бу долзарб вазифани чуқур англаб етиши учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Шу ўринда яна бир муҳим масала ойдинлашади, судлар нафақат жиноятга жазо тайинлаш, балки коррупциянинг сабабини ўрганиш ва уни келтириб чиқарган шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга муносабат билдириш бўйича таъсир чораларини кучайтириб, ишни кўрган судьялар ташкилотдаги муҳокамаларда шахсан қатнашиши зарур. Давлатимиз раҳбари томонидан йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларга қўйилган вазифалардан бири ҳам шу бўлди. Коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишда ҳар бир жиноятни чуқур таҳлил қилиш ва муҳокамаларда сабаб ҳамда оқибатини барчага етказиш зарурлиги таъкидланди.

Айни дамда биз судьялар фаолиятимиз давомида коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат сиёсатини ҳамда бу борада Президентимиз томонидан кўрсатилган муҳим жиҳатларни инобатга олиб бормоқдамиз. Коррупцияга қарши курашда барчамиз ҳамжиҳатликда ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак,унга нисбатан “тоқатсизлик ҳиссини намоён эта олсак”гина натижа янада самарадор бўлади.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишда ҳам барчани ҳамжиҳатликка чақирди, бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши кераклигини таъкидлади. Бу иллатга қарши курашда ва бартараф этишда барча, жумладан судья ва суд ходимлар бирдек масъул эканлигини унутмаслик лозим.

 

Мансур Курбанов, Хоразм вилоят судлари судьялари малака ҳайъати раиси

Мавзуга оид