s
USD: Rub: Eur:
2023-12-25 849

ЎРИНДОШЛИК БЎЙИЧА ИШГА КИРАЁТГАНДА МЕҲНАТ ДАФТАРЧАДАН НУСХА ТАЛАБ ҚИЛИНИШИ ҚОНУНИЙМИ?

САВОЛ.

Ассалому-алайкум. Мен бошқа ташкилотга ўриндошлик бўйича ишлаш учун ишга кирмоқчиман. Лекин бу ишхонанинг кадри мендан меҳнат дафтарчамдан нусха ҳам тақдим этишимни сўраяпти. Мен унга бу ортиқча ҳужжат десам бизда талаб шундай деяпти. Шу тўғрими?

ЖАВОБ.

Меҳнат кодексининг 434-моддаси 1-қисмига мувофиқ бошқа иш берувчига ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

паспортни ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ёки идентификация ID-картасини;

асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича маълумотномани;

бажарилиши учун қонунчиликка мувофиқ фақат муайян иш стажига эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга ўриндошлик асосида қабул қилишда асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани;

дипломни, гувоҳномани (сертификатни) ёки таълим тўғрисидаги ёки касбий тайёргарлик ҳақидаги бошқа ҳужжатни, агар бундай иш махсус билимларни ёхуд махсус тайёргарликни талаб қилса;

меҳнат шароитлари зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишга қабул қилиш чоғида асосий иш жойидан меҳнатнинг хусусияти ва шартлари тўғрисидаги олинган маълумотномани;

жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини.

Эътибор берган бўлсангиз, 3-қаторда меҳнат дафтарчадан кўчирма нусха ёки электрон меҳнат дафтарчадан кўчирма тақдим этиш масаласи ҳам бор. Бироқ, бу талаб қайси вазиятга тегишли? Бу ўша ўриндошлик иши муайян стаж талаб қилинган ҳолатларга тегишли ва бунда номзоднинг стажини текшириш учун ҳам бу ҳужжатлар зарур бўлади.

Қолган ҳолатларда эса, ўриндошлик бўйича ишга киришда меҳнат дафтарчасидан нусха ёки электрон меҳнат дафтарчадан кўчирма талаб қилиш қонуний бўлмайди.

 

Гурлан тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти М. Қўзибоев

Мавзуга оид