s
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга ҳилоф муомаласи учун жазонинг муқаррарлиги: миллий ва халқаро ҳуқуқий таҳлил
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи бутун жаҳон жамоатчилигини ташвишга солаётган энг хавфли трансмиллий жиноят турларидан биридир. XXI асрда глобаллашув, ахборот технологияларининг жадал ривожланиши, электрон тўлов тизимлари, криптовалюталарнинг пайдо бўлиши мазкур жиноятнинг йирик, уюшган тарзда содир этилишига замин яратмоқда. Гиёҳвандлик воситалари айланишининг ноқонунийлашуви фақат жиноятчиликнинг ўсиши билангина эмас, балки ёшлар саломатлиги, демографик барқарорлик, иқтисодий хавфсизлик, руҳий соғлиқ ва миллий хавфсизлик тизимига жиддий зарар етказувчи глобал муаммо сифатида намоён бўлмоқда.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича 36 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик моддаларининг таъсирига чалинган. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича идораси (UNODC) таҳлилларида таъкидланишича, гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний тарқатишдан тушадиган йиллик даромад 650–700 миллиард доллар атрофида бўлиб, бу терроризм, одам савдоси ва пул ювиш схемаларини молиялаштиришда асосий манбага айланган.
Мазкур таҳдидларга қарши халқаро ҳуқуқнинг устувор йўналиши сифатида жазонинг муқаррарлиги тамойили шаклланган бўлиб, ушбу тамойилга кўра, жиноят содир этган шахс жазодан қутулиб кетмаслиги, жавобгарлик – оғриқли ёки енгил бўлишидан қатъи назар, амалда қўлланилиши шарт. Жазонинг оғирлиги эмас, балки муқаррарлигиги жиноятларни камайтиришда энг таъсирчан омил сифатида илмий жиҳатдан асослаб берилган. Европа криминология маркази томонидан 2022 йилда олиб борилган тадқиқотда, гиёҳвандлик транзити кўп бўлган давлатларда жазо муддатларини кескин ошириш эмас, балки ҳибсга олиш эҳтимолининг орттирилиши жиноятлар динамикасини 31% га пасайтиргани қайд этилган.
Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги давлат сиёсати Конституциянинг инсон соғлиғини муҳофаза қилиш тамойилидан келиб чиқади. Мамлакатда кейинги беш йил давомида гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида қонунчилик базаси тубдан янгиланди. Жиноят кодексининг 270–276-моддалари қайта кўриб чиқилди, гиёҳвандлик моддаларини тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва сотиш билан боғлиқ жиноятларга нисбатан санкциялар кучайтирилди. Бу эса жиноятчиликнинг муқаррар жазоланиши ва фаол аниқланишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, прокуратура ва ички ишлар органлари ўртасида рақамлаштирилган маълумот алмашинуви тизими жорий қилинганидан сўнг, тезкор-қидирув ишларининг самарадорлиги сезиларли ошди.
Гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сотувида алоҳида эътибор қаратиладиган жиҳат жиноятнинг уюшганлик даражасидир. Суд амалиётининг сўнгги йиллардаги таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур жиноятлар кўп ҳолларда бир нечта шахслар манфаатлари асосида гуруҳ таркибида содир этилмоқда. Шу сабабли, Жиноят кодексининг 28-моддасига асосан жиноят иштирокчисининг роли аниқланганда, жазо муддати реал озодликдан маҳрум қилиш шаклида қўлланилаётганини кузатиш мумкин. Бу эса муқаррарлик тамойилининг амалдаги ифодаси ҳисобланади.
Шу билан бирга, мамлакатда профилактик йўналишдаги давлат дастурлари кенгров татбиқ этилмоқда. Олий таълим муассасаларида, ўрта таълим мактабларида, маҳаллаларда ёшлар орасида гиёҳвандлик моддалари зарари ҳақида суҳбатлар ташкил этилиши, психологик тренинглар ўтказилиши, наркологик хатар гуруҳлари билан ишлаш механизми самарали натижа бермоқда.
Психотроп моддаларнинг мисол сифатида дорихоналар орқали сотилиши ва уларнинг ёшлар томонидан суиистеъмол қилинишининг олдини олиш мақсадида электрон рецепт тизими жорий қилинди. Бу орқали назорати кучайтирилиши, фақат зарур ҳолатларда тиббий кўрсаткич бўйича берилиши таъминланмоқда.
Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда ҳам халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИНТЕРПОЛ билан маълумот алмашинувини кучайтирди. Халқаро қидирувда бўлган 200 дан ортиқ гиёҳвандлик жинояти фигурантлари қўлга олинди. Марказий Осиё минтақаси бўйлаб қўшма операциялар ўтказилиши, Афғонистондан тарқалувчи наркотрафикка қарши кичик оператив гуруҳларнинг ташкил этилиши, чегараларда сканер технологиялари қўлланилиши юқори натижаларга олиб келмоқда.
Жиноят-ҳуқуқий сиёсатда муқаррарлик тамойили нафақат жиноят содир этган шахсни жазолаш, балки уни яна жиноятга қайтмасликка йўналтириш мақсадини ҳам кўзлайди. Шу боис, Ўзбекистонда наркологик ҳисобда турган шахсларни реабилитация марказларига йўналтириш амалиёти вужудга келтирилди. Ушбу марказларда тиббий даволаш, психологик реабилитация, меҳнат фаолиятига жалб қилиш орқали ижтимоий мослашув таъминланмоқда.
Бироқ, гиёҳвандлик воситаларига қарши курашда фақат жазонинг қатағонлиги билан чекланиб қолиш самара бермайди. Илмий тадқиқотлар амалий тажриба билан уйғун бўлиши керак. Масалан, АҚШ, Канада ва Нидерландияда гиёҳвандлик моддалари истеъмолчиларига нисбатан жазолашдан кўра даволаш ва назорат дастурлари самарали бўлгани исботланди.
Юқоридагиларнинг барчаси шуни кўрсатадики, гиёҳвандлик воситалари муомаласида жиноятларнинг олдини олишда муқаррар жазолаш тамойили ҳукуқий-ижтимоий йўналишдаги асосий устувор нуқта бўлиб келмоқда. Жиноят қўзғатиш, тергов қилиш, айблаш ва суд жараёнининг шаффофлиги жиноятчилар учун жазодан қочиш имкониятини кескин чеклади. Шу билан бирга, профилактика, ёшлар билан ишлаш, электрон назорат ва халқаро ҳамкорлик орқали жиноятнинг содир этилиши эҳтимоли қисқариб боряпти.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар айланишига қарши курашда жазонинг
муқаррарлиги – жиноятчиликка қарши курашнинг энг самарали ҳуқуқий усули ҳисобланади. Мазкур тамойил жиноят қилган шахснинг жазодан қочолмаслигини таъминлашга хизмат қилади, жиноятчиликни бартараф этишда қатъий ҳуқуқий кафолат сифатида қўйилади. Шу орқали жамиятда қонун устуворлиги мустаҳкамланади, аҳоли онгида гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари бўйича ҳуқуқий маданият юксалади, умуммиллий барқарорлик таъминланади.
Х.Сапаев, Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг раиси