s
USD: Rub: Eur:
2025-10-20 324

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масаласи нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон миқёсида долзарбдир. Табиат бойликларига нисбатан бееътиборлик, ифлосланиш ва қонунбузарлик ҳолатлари нафақат экотизимга, балки инсон саломатлигига ҳам жиддий таҳдид солади. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун қатъий маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Экологик ҳуқуқбузарлик тушунчасига тўхталсак. Экологик ҳуқуқбузарлик - бу фуқаролар, мансабдор шахслар ёки юридик шахслар томонидан табиат обектларига зарар етказиш, улардан ноқонуний ёки оқилона бўлмаган фойдаланиш, ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳаракат ёки ҳаракатсизликдир.

Ҳуқуқбузарлик турлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (МЖтК) мувофиқ, экология ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Атроф-муҳитни ифлослантириш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш (МЖтКнинг 79-моддаси);

Сув, ер, ўрмон ва ҳайвонот дунёси обектларидан ноқонуний фойдаланиш;

Атроф-муҳит муҳофазаси талабларини бузган ҳолда қурилиш ёки хўжалик фаолиятини амалга ошириш;

Қўриқланадиган табиий ҳудудларда белгиланган режимни бузиш;

Чиқиндиларни тўплаш, сақлаш ва ташиш қоидаларини бузиш ва бошқалар.

Ҳуқуқбузарликлар натижасидаги салбий оқибатлар;

Бундай ҳуқуқбузарликлар нафақат давлат иқтисодиётига зарар етказади, балки экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келади.

Жумладан:

Ер, сув ва ҳаво ифлосланиши;

Биологик хилма-хилликнинг йўқолиши;

Инсон саломатлигига зарарли таъсирлар (масалан, турли касалликлар, аллергия, онкологик хасталиклар);

Табиат ресурсларининг тикланмас йўқотишлари.

Маъмурий жавобгарлик чоралари МЖтКга мувофиқ, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилади:

Жарималар-фуқаролар, мансабдор шахслар ва юридик шахслар учун турлича миқдорда белгиланган;

Табиатга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти;

Фаолиятни тўхтатиш ёки чеклаш (агар ҳуқуқбузарлик экологик хавф туғдирса);

Махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш (масалан, овчилик ёки балиқ овлаш ҳуқуқидан).

Хулоса қилиб айтганда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар нафақат қонунни, балки табиат ва келажак авлодлар манфаатини ҳам бузади. Шу сабабли, ҳар бир фуқаро ва ташкилот табиатни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни тўғри бошқариш ва экологик қоидаларга риоя этиш борасида масъулиятли бўлиши зарур.

Табиат - бу бизга берилган энг қиммат бойлик. Уни асраш - ҳар биримизнинг бурчимиз.

Ш.Сейтирзаев Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг тергов судяси

Мавзуга оид