s
Даъвогар “А” МЧЖнинг тугатиш бошқарувчиси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар“Б” МЧЖдан 174 002 800,82 сўм қарзни ундиришни сўраган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 25 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг 2024 йил 4 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси судининг 2024 йил 26 апрелдаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг 2024 йил 4 январдаги қарори бекор қилинган, биринчи инстанция судининг 2023 йил 25 октябрдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.
Аниқланишича, даъвогар Урганч туманлараро иқтисодий судининг
2023 йил 6 мартдаги ҳал қилув қарори билан тўловга қобилиятсиз деб топилган (соддалаштирилган таомилга кўра), даъвогарга нисбатан
тугатишга доир иш юритиш очилган. Тугатиш бошқарувчиси этиб суд бошқарувчиси Д.У тайинланган.
Даъвогарнинг тугатиш бошқарувчиси томонидан даъвогардан жавобгар 2022 йил 10 январдаги 12-П-сонли шартномага асосан 437 947 927,98 сўмлик маҳсулотни сотиб олганлиги ҳамда бу тўғрисида электрон ҳисобварак фактуралар имзоланганлиги, ушбу сотиб олинган маҳсулотлар учун 263 945 127,16 сўм пул ўтказиб қолган 174 002 800,02 сўм тўлаб берилмаганлиги аниқланган.
ФКнинг 234-моддасига кўра, мажбурият-фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
ФКнинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига
ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса-иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Даъвогар ва жавобгар ўртасида 2021 йил 25 ноябрда 12-П-сонли шартнома тузилиб, шартномага асосан маҳсулот етказиб берувчи ҳар бирининг баҳоси 54 743 491 сўм бўлган 3 дона “Прицеп 2ПТС-793А-07А” ни сотиб олувчига етказиб берган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида 2022 йил 10 январь куни 12-П-сонли шартнома тузилиб, даъвогар ҳар бирининг баҳоси 54 743 491 сўм бўлган
10 дона “Прицеп 2ПТС-793А-07А” ни жами 547 734 910 сўмга сотиб олувчига етказиб берган.
Жавобгар даъвогарнинг ҳисоб рақамига 263 945 127 сўм пул маблағини ўтказиб берган. Ушбу шартномалар бўйича жавобгарнинг даъвогар олдида 447 720 255 сўм миқдорида қарзи юзага келган.
Ўз навбатида, жавобгар ва даъвогар ўртасида 2021 йил 25 ноябрдаги
12-сонли шартномага асосан ҳар бир литрининг баҳоси 17 500 сўм бўлган
6 256 кг пахта ёғини 109 480 000 сўмга, 2022 йил 6 январдаги 1-сонли шартномага асосан ҳар бир литрининг баҳоси 17500 сўм бўлган 12 514 кг пахта ёғини 218 995 000 сўмга, 2022 йил 6 январдаги 2-сонли шартномага асосан ҳар бир литрининг баҳоси 17500 сўм бўлган 6 814 кг пахта ёғини 119 245 000 сўмга етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган.
Мазкур шартномаларга асосан жавобгар даъвогарга 25 584 кг миқдорида 447 720 255 сўмлик пахта ёғи етказиб берган ва тарафлар ўртасида электрон шаклда ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилган. Ушбу шартномалар бўйича даъвогар томонидан тўлов амалга оширилмаганлиги натижасида даъвогарнинг жавобгар олдида 447 720 255 сўм қарзи юзага келган.
Тарафлар ўртасида юзага келган қарздорликни ФКнинг 343-моддасига асосан ҳисобга ўтказиш бўйича 2022 йил 31 март куни келишув шартномаси тузилиб, даъвогарнинг жавобгардан 447 720 255 сўм, жавобгарнинг даъвогардан 447 720 255 сўм қарзлари ўзаро ҳисобга ўтказилган.
ФКнинг 343-моддасига кўра, муддати тўлган ёки муддати кўрсатилмаган ёхуд талаб қилиш пайти билан белгиланган муқобил ўхшаш талаб ҳисобга ўтказилиши билан мажбурият тўлиқ ёки қисман бекор бўлади.
Ҳисобга ўтказиш учун бир тарафнинг аризаси кифоя қилади.
ФК 344-моддасига кўра, қуйидаги талабларни ҳисобга ўтказишга
йўл қўйилмайди:
даъво муддати ўтган талабларни;
фуқаронинг соғлигига шикаст етиши ёки унинг вафоти муносабати билан етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабини;
алиментлар ундириш ҳақидаги талабни;
умрбод асраш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга топшириш талабини;
қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳоллардаги талабни.
Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида қарзларни ўзаро ҳисобга ўтказиш қонунчиликка зид эмаслиги, қарздорлик ФК 344-моддасида кўрсатилган талаблар тоифасига кирмаслиги сабабли, уларнинг қарз мажбуриятлари тўлиқ бекор бўлган ҳисобланади.
Бироқ, низони ҳал этишда биринчи ҳамда тафтиш инстанцияси судлари далилларга тўғри ҳуқуқий баҳо бермасдан, иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, суд қарорлари қабул қилган. Жумладан, муддати тўлган ёки муддати кўрсатилмаган ёхуд талаб қилиш пайти билан белгиланган муқобил ўхшаш талаб ҳисобига ўтказилиши билан мажбурият тўлиқ ёки қисман бекор бўлишининг зарурий шарти талабларнинг нарсаси бир хил турдаги ашёлар бўлиши лозимлиги, тарафлар ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатининг вужудга келишига асос бўлган шартномаларнинг нарсаси бир хил турдаги ашёлар ҳисобланмаслиги тўғрисидаги хулосаси асоссиз, чунки ФКнинг
343-моддасида талабларнинг нарсаси бил хил турдаги ашёлар бўлиши лозимлиги тўғрисида талаб мавжуд эмас.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2024 йил 4 декабрдаги қарори билан тафтиш инстанцияси судининг қарори бекор қилиниб, апелляция инстанцияси судининг қарори ўз кучида қолдирилган.
Хоразм вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси М.Бобоназаров