s
Байрамингиз билан, қадрли ҳамширалар!
Соғлиқни сақлаш соҳасини ҳамширалар фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳамшира деганда эса ширин сўзли, табассуми ўзига ярашган, эпчил, қўли енгил, фидойи мутахассисни тушунамиз. Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида 12 май-халқаро ҳамширалар куни муносабати билан ташкил қилинган тантанали тадбирда ўрта тиббиёт ходимларининг фидойи меҳнатлари аллоҳида эътироф қилинди.
Бугунги кунда Хоразм вилоятидаги тиббиёт муассасаларида 15 минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳамшира ва тиббий биродарлар бирламчи тиббиёт муассасаларида, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида эл соғлиғини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Тиббиёт соҳасига замонавий технологияларнинг кенг жорий қилиниши ҳамширалар зиммасидаги масъулиятни ҳам оширмоқда. Ўрта тиббиёт ходимлари энг сўнгги технологиялар асосидаги жаррохлик амалиётларини муваффақиятли ўтказишда фаол иштирок этмоқда. Лаборатор таҳлиллар олиб боришда, ташхислашда уларнинг муносиб ҳиссаси бор. Она-бола саломатлигини мустаҳкамлашда ҳамширалар хизмати катта. Шошилинч ва тез тиббий хизматни ташкил қилишда, санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлашда, фармацевтика тармоғида ҳам ўрта тиббиёт ходимларининг ўрни беқиёс. Беморлар парваришининг ҳамшира иштирокисиз тасаввур қилиш қийин.
Айниқса, пандемия шароитида ўрта тиббиёт ходимлари алоҳида фидойилик, қаҳрамонлик кўрсатдилар десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз томонидан ўрта тиббиёт ходимлари меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда. Кейинги йилларда вилоятимиздан бир гуруҳ ўрта тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди, “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлган ҳамширалар сафи кенгаймоқда.
Бир сўз билан айтганда, фидойи, касбига садоқатли ҳамширалар эл саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида камарбастадирлар.
Тадбир давомида “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” кўрик-танлови республика ва вилоят босқичи ғолибларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.
13 та номинация бўйича ўтказилган танлов натижаларига кўра, “Йилнинг энг яхши операция хонаси (блоки) ҳамшираси” номинацияси бўйича РШТЁИМ Хоразм филиали операция блоки ҳамшираси Алламова Назакат Рўзимовна республикада биринчи, “Йилнинг энг яхши тиббий-ижтимоий муассаса ҳамшираси” номинацияси бўйича Хоразм вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ҳамшираси Отажонова Шарофат Нуржоновна учинчи ўринни олганлиги эътирофга лойиқ.
Тадбирда шунингдек, бир гуруҳ ўз касбининг моҳир усталари бўлган ўрта тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлимининг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати