s
USD: Rub: Eur:
2023-11-08 895

Маъмурий судлар томонидан кадастр соҳасига оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6061-сонли Фармонига асосан, ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш бўйича ишлар тўлиқ янгиланган форматда олиб борилмоқда.

Хусусан, янги интеграциялашган ахборот тизими ишга туширилиб, ҳозирга қадар республикадаги 40,5 млн гектар ер майдонининг электрон харитаси яратилди ва улар тўғрисидаги маълумотлар рақамлаштирилди.

Ушбу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, ер ва кадастр соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш, соҳада янги стандартларни жорий қилиш, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органлари ва ташкилотларининг муносиб фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Барчамизга аёнки, кадастр органларининг асосий вазифаларидан бири – жисмоний ва юридик шахсларнинг ер ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб беришдир.

Бугунги кунда мазкур масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, қонунга зид равишда эгалланган ва бугунги кунда ўз мақсадида фойдаланилмаётган ер участкаларини давлат захирасига қайтариш чоралари кўрилиб, ер участкаларини чинакам эгаларига аукцион орқали бериш чоралари кўрилмоқда.

Бироқ, ер ва кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки кадастр ҳужжатлари ишлаб бериш масаласида фуқаролар ва юридик шахслар ҳамда кадастр органлари ўртасида доимий равишда низоли муносабатлар учраб келмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26,27-моддаларига кўра, маъмурий судлар маъмурий органларнинг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ низоли ишларни кўриб ҳал қилиш ваколатига эга. Кадастр органлари ҳам маъмурий органлар сирасига кирганлиги сабабли кадастр соҳасига оид низоли муносабатлар маъмурий судлар томонидан кўрилади.

Маъмурий судлар кадастр органларининг қарорлари ҳамда
хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га адолатли ва қонуний баҳо бериши учун биринчи навбатда кадастр соҳасини тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатларидан хабардор бўлишлари лозим.

Кадастр соҳасини тартибга солувчи бирламчи энг муҳим ҳужжатлар бу – Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 28 августдаги “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги ҳамда 2000 йил 15 декабрдаги “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги Қонунлари ҳисобланади. Мазкур қонунларда кадастр соҳасига оид кўплаб фундаментал нормалар ўз аксини топган.

Бугунги кунда маъмурий судлар томонидан кадастр соҳасига оид низоларни кўришда, асосан, юқоридаги қонунлардан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил
28 ноябрдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида” ги ЎРҚ-803-сон Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 02 сентябрдаги 535-сонли Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
22 июндаги 389-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомларда белгиланган нормаларга асосан кадастр органи мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатларига баҳо бериб, қонуний ва асосли қарорлар қабул қилишмоқда.

Маъмурий суд ишларини юритиш амалиётида кадастр органлари мансабдор шахслари томонидан айниқса ер участкалари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш масаласида бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида” ги Қонунининг
44-моддасида рўйхатдан ўтказувчи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад асослари қайд қилинган бўлса-да, кадастр органи давлат рўйхатидан ўтказувчиси томонидан мазкур ҳолатлардан бошқа ҳолатлар асос қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилаётганлиги аниқланмоқда. Ушбу хатти-ҳаракат (ҳаракатсизлик) ёки қарор қонунга зид бўлганлиги учун ҳақиқий эмас ёки қонунга хилоф деб топилиб, тегишли кадастр органи мансабдор шахсларига нисбатан қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан хусусий ажримлар чиқарилиб, бундай ҳолатларни олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, кадастр соҳасига оид қонунчиликни тўғри қўллаш ҳамда амалиётга тўғри татбиқ этишни тарғиб қилиш нафақат шу соҳа вакилларининг, балки барча соҳа, шу жумладан, суд тизимининг ҳам муҳим вазифаларидан бири бўлмоғи лозим. Зеро, ер умуммиллий бойлик бўлиб, уни муҳофаза қилиш, ундан хўжасизларча фойдаланишга чек қўйиш барчамизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим.

 

Тимур Ибрагимов, Хоразм вилоят маъмурий суди судьяси

 

Мавзуга оид