s
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, шунингдек, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш борасида суд тизимида ҳалқаро стандартларга асосланган ортга қайтмас ислоҳотлар олиб борилмоқда.
2025 йил 21 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари белгиланган.
Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал суръатларда ривожланаётгани суд тизимида ижобий ўзгаришларга асос бўлмоқда. Айниқса “Рақамли суд” концепцияси ушбу жараённинг узлуксиз ва муҳим қисмига айланиб бормоқда.
“Рақамли суд” – замонавий технологияларни ва сунъий интеллектни суд тизимига жорий қилиш орқали суд ишларини тезлаштириш, самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлашга йўналтирилган ёндашувдир.
Фармонга кўра суд ишларини тўлиқ электрон шаклда юритиш ва суд жараёнларини автоматлаштиришга қаратилгани муҳим аҳамият касб этади.
Суд ишларини электрон шаклда юритиш, ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш, суд қарорларини рақамли форматда чиқариш ва электрон имзоларни қўллаш суд ходимлари учун бир қатор қулайликлар яратади.
Фармонда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган.
Яъни «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида:судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижасиҳамдасарфланадиган ҳаражатлар шакллантирилади;
мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;
ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;
тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;
суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;
суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;
сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;
суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилиши назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, судлар фаолиятига сунъий интелектни жорий этилиши, самарадорликни оширади, жараёнларни тезлаштиради, муҳими шаффофликни таъминлаш имконини беради.
Технологиялар воситасида суд тизимини модернизация қилиш суд тизимида адолатни таъминлашга ёрдам беради ҳамда фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини ошириши билан биргаликда қоғозбозликдан ва инсон омилини таъсирини камайтиришга, фуқароларга қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Бу замонавий технологик тизим суд тизимининг келажакда янада самарали фаолиятни юритишни таъминлайди. Хусусан, судлар фаолиятида сунъий интелллектни жорий этишдан асосий мақсад – адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳалқчил, ихчам замонавий тизимни шакллантириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, низоларни кўриб чиқиш, муддатини қисқартиришдан иборатдир.
Жамила СУЛТАНОВА, Хоразм вилояти маъмурий суди раиси