s
USD: Rub: Eur:
2026-04-22 293

Ноқонуний ишдан бўшатиш судда бекор қилинди

Хоразм вилояти фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судида меҳнат ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ низо кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети томонидан ходимни ишдан бўшатиш ҳақида чиқарилган буйруқ ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинди.

Иш материалларига кўра, фуқаро Нафосат Бойназарова(исм-ўарифи шартли) университетнинг “Бошланғич таълим методикаси” кафедрасига ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинган. Кейинчалик штат қисқариши баҳонасида меҳнат шартномаси бекор қилинган. Аммо ходим манфаатини кўзлаб судга киритилган даъвода ишдан бўшатиш жараёнида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилгани кўрсатилган.

Суд жараёнида аниқланишича, иш берувчи томонидан касаба уюшмасининг олдиндан розилиги белгиланган тартибда олинмаган, ходимга йиғилиш вақти ва жойи ҳақида хабар берилмаган ҳамда унинг иштирок этиш ҳуқуқи таъминланмаган. Бу эса меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби бузилганини англатади.

Шу асосда суд университет ректорининг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғини бекор қилди ва Нафосат Бойназаровани аввалги лавозимига тиклаш тўғрисида қарор чиқарди. Шунингдек, унинг фойдасига мажбурий прогул вақти учун 16 миллион 861 минг сўмдан ортиқ иш ҳақи, 10 миллион сўм маънавий зарар ҳамда почта харажатлари ундирилиши белгиланди.

Мазкур қарор меҳнат муносабатларида қонун талабларига қатъий риоя этиш, ходим ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ишдан бўшатиш жараёнида белгиланган тартибларни четлаб ўтиш мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатди.

 

Дурдона Солаева, фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди судьяси

Мавзуга оид