s
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 11-моддасига кўра, фуқаролик ҳуқуқлари ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш йўли билан ҳам ҳимоя қилиниши белгиланган.
ФКнинг 212-моддасига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
ФКнинг 172-моддасида мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 40-моддаси биринчи қисмининг
11-бандига кўра, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан қилинган қурилишга йўл қўймаслик, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш бўйича чоралар кўриш ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг мажбуриятларидан бири ҳисобланади.
Ер кодекси 91-моддасига кўра ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
3 августдаги 485-сонли қарори билан тасдиқланган Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида Низомнинг 2-бандида асосий тушинчалар берилган бўлиб, унга кўра кўчма савдо объектлари деганда 100 квадрат метр майдондан кўп бўлмаган, вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва (ёки) мавсумий хусусиятга эга бўлган, шунингдек, исталган вақтда бошқа жойга осон кўчириш ва йиғиш мумкин бўлган кўчма савдо объектлари (лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, мобил контейнерлар, енгил конструкциялар, шу каби ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектлари тушунилиши белгиланган.
Фикримни Шовот туманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирсам.
Кадастр агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан мониторинг кузатув ишларини амалга ошириш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 3 августдаги 485-сонли қарорига асосан жавобгар кўчма савдо фаолияти билан шуғулланиш учун умумий майдони 75 кв.метр бўлган ер майдонини 36 ой муддатга “K-SAVDO” AAT орқали электрон аукцион орқали сотиб олганлиги, бироқ ушбу ер майдонида исталган вақтда бошқа жойга осон кўчириш ва йиғиш мумкин бўлган енгил типдаги ихчам кўчма савдо дўкони ташкил этмасдан, белгиланган тартибда ваколатли ташкилотлардан рухсат берувчи ҳужжатлар олинмасдан, ўзбошимчалик билан пишган ғишдан
73,2 кв.метр ер майдонида дўкон биноси қурганлиги ҳолати аниқланган.
Жавобгар раҳбарига нисбатан даъвогар томонидан 2025 йил 27 майда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, унга нисбатан МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик юзасидан маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Кадастр агентлиги тумани бўлимининг масъул ходимлари далолатнома ва ёзма кўрсатма орқали жавобгарга Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг
90, 91-моддалари талабларига асосан аниқланган қонунбузилиши ҳолатини ўн беш кун муддат ичида ўз ҳисобидан бартараф этиб, ер майдонини бўшатиб, уни аввалги ҳолатига қайтариб қўйишни сўраган, бироқ жавобгар томонидан ушбу огоҳлантириш ва ёзма кўрсатма ижросиз қолдирилган.
Шундан сўнг даъвогар Кадастр агентлигининг Хоразм вилоят бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар “ХХХ” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан у томонидан 73,2 кв.метр ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган дўкон биносини ўз ҳисобидан бузиш ҳамда ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтаришни сўраган.
Маълумки, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Ишдаги мавжуд ҳужжатлар, шу билан бирга даъвогар, жавобгар вакилларининг берган тушунтиришлари билан жавобгар кўчма савдо объектини жойлаштириш учун ижарага берилган ер майдонига кўчма савдо объектини жойлаштирмасдан, қолаверса белгиланган тартибда ваколатли ташкилотлардан рухсат берувчи ҳужжатлар олмасдан, ўзбошимчалик билан 73,2 кв.метр ер майдонда пойдевори пишган ғишт ва деворлари пенаблокдан бўлган дўкон биносини қурганлиги ҳамда аниқланган ушбу қонунбузилиш ҳолатларни жавобгар бартараф этиш чораларини кўрмаганлиги тўлиқ исботини топган.
Шунга кўра, суд даъво аризани қаноатлантириб, ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, 10 (ўн) кун муддат ичида ўзбошимчалик билан
73,2 кв.метр ер майдонида пойдевори пишган ғишт ва деворлари пенаблокдан қурилган дўкон биносини “ХХХ” масъулияти чекланган жамиятининг ҳисобидан буздириш ҳамда ер майдони унинг ҳисобидан аввалги ҳолатига қайтариш тўғрисида тўхтамга келган.
Ў.Мадрохимов
Шовот туманлараро
иқтисодий судининг судьяси