s
USD: Rub: Eur:
2025-06-10 852

Қонунчиликдаги гаров билан боғлиқ ўзгартиришлар

Ўзбекистон Республикасининг “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Солиқ кодексига, Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги қонунига, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунига, “Ипотека тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан Фуқаролик кодексининг 279, 280, 281, 285-моддаларига ўзгартиришлар киритилди ва кодекс 7461-модда билан тўлдирилди.

Хусусан, Фуқаролик кодексининг 279-моддасига киритилган тўлдиришга кўра агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса, агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши мазкур шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади.

Кодекснинг 280-моддаси тўртинчи қисмининг 1-банди қуйидаги таҳрирда, яъни “қонунда бошқа шахснинг ёки органнинг гаров тўғрисида шартнома тузиш учун розилиги ёхуд рухсати ҳақидаги талаб белгиланган бўлса, бундан мазкур мол-мулкни гаровга бериш чоғида зарур бўлган розилик ёки рухсат олинган ҳоллар мустасно” деб баён этилди.

Кодекснинг 281-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади.

Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан қопланади”;

Кодекснинг 285-модда моддасига киритилган тўлдиришга кўра гаров нарсаси бўлган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилганда, гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Шунингдек, кодекс 7461-модда билан тўлдирилди. Унга кўра кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилади.

Бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Ўйлаймизки, ушбу Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.

 

Хоразм вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Қазақов Махмуд Баҳодирович

Мавзуга оид