s
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар орасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам ўтган йиллар мобайнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидан олиб борилган ислоҳотлар йўлида муҳим қадам бўлди.
Фармонга мувофиқ, тергов судьялари қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш ҳамда гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ва юқоридаги процессуал чеклашларга рухсат бериш каби ваколатларга эга бўлди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг турли босқичларида судларнинг ихтисослашуви амалга оширилган ва бу ишларнинг сифатли кўрилишини таъминлашда ижобий самара берди. Шу маънода, тергов судьяси институти жорий қилиниши ҳам ўз вақтида ва муҳим янгилик бўлди дейиш мумкин.
Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судлар судьялари жиноят ишлари билан биргаликда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни, шунингдек, судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласидаги илтимосномаларни ҳам кўриб чиқади. Ҳар бир иш ортида инсон тақдири туради. Тан олиш керак, жиноят ишларининг ўзи судьянинг асосий вақтини, куч-ғайратини, диққат-эътиборини банд қилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар билан ҳам ишлаш керак. Шунча иш ҳажмига қўшимча равишда санкция бериш ёки мажбурлов чоралари бўйича илтимосномаларни ҳам кўриш керак. Жиноят ишлари бўйича судларда Тергов судьяси лавозими жорий этилиши билан иш юкламани камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.
Тергов судьясининг бўлиши бугунги кундаги давлатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги энг катта муаммо, яъни терговнинг сифатини ошишига, далилларнинг тўлиқ ва объектив тўпланишига, терговда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг олдини олишга, умуман олганда терговни профессионал олиб боришга катта ёрдам беради. Чунки айнан дастлабки терговнинг сифатли ўтказилиши одил судловни амалга оширишда катта ва асосий роль ўйнайди. Жумладан, айрим давлатларда тергов судьяси томонларнинг илтимосига мувофиқ, дастлабки тергов жараёнидаги сўроқларда кузатувчи тариқасида иштирок этиши мумкин.
Энг асосийси, тергов судьялари жиноят содир этган шахсларни, айбдорларни ахтармайди, уларнинг жиноятини фош этмайди, улар фақат дастлабки терговда ёки суриштирувда қонунларни тўғри қўлланиши ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигини назорат қилади ва уни таъминлайди.
Хулоса ўрнида…
Хулоса қилиб айтганда, фармон судьялар корпусини шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этиш, суд тизими тузилмасини ислоҳ қилиш, суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоялаш ва аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича
Янгибозор тумани тергов судьяси Д.Матниязов