s
Ўзбекистон Республикаси ривожланиш йўлининг энг асосий мезони инсон ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият ҳисобланувчи ҳар томонлама ривожланган ҳуқуқий демократик барпо этишдир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деб белгиланган. Давлат ўз олдига қўйилган юксак вазифаларни амалга ошириш учун самарали давлат бошқаруви амалга ошириши, барча учун қулай бўлган тартиб-таомилларни белгилаши ҳамда мазкур тартиб-таомилларга риоя этилишини таъминлаши зарур. Шу билан бирга, давлат фуқароларнинг муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда хавфсизликни таъминлаш ҳам давлат бошқарувининг энг устувор йўналишларидир. Ўз навбатида давлат ўзига юклатилган мақсад ва вазифаларни муваффақиятли амалга ошириши учун улкан ҳуқуқ ва ваколатларга эга бўлган салмоқли бошқарув аппаратини шакллантиради.
Конституциямиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини судда ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. [ОКОЗ:
1.19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.05.00.00 Аҳоли / 19.05.09.00 Инсон ҳуқуқларини халқаро ҳимоя қилиш (қийнашни тақиқлаш. Дискриминация. Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш. Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш)]
Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли. [ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.12.00.00 Зарар етказилганлиги оқибатидаги мажбуриятлар / 03.12.01.00 Умумий қоидалар]
Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланган.
Маъмурий судларга Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига кўра, суд: идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги; ушбу Кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича; ушбу Кодекснинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги; маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 24-сонли қарорининг 20-бандига асосан, ишни мазмунан кўриб чиқишда, суд аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларни, хусусан, қуйидагиларни синчковлик билан текшириши лозим:
маъмурий орган, мансабдор шахс қарор қабул қилиш ёки ҳаракатни амалга ошириш ваколатига эга ёки эга эмаслигини. Қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатга кўра, қарор қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, ҳаракатни амалга ошириш ёки амалга оширмаслик маъмурий орган ёки мансабдор шахс ихтиёрига берилган ҳолда, суд бундай қарор қабул қилиш ёки қабул қилмаслик, ҳаракатни амалга ошириш ёки амалга оширмаслик мақсадга мувофиқлигини баҳолашга ҳақли эмас (масалан, муайян шахсни мукофотлаш тўғрисида ҳужжат қабул қилмаганликда ифодаланган ҳаракатсизлик устидан шикоят қилинганда); маъмурий орган ёки мансабдор шахс томонидан қарор қабул қилиш, ҳаракатни амалга ошириш тартибига риоя этилган-этилмаганлигини, башарти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай талаблар (шакл, муддатлар, асослар, тартиб-тамойил ва ҳ.к.) белгиланган бўлса. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қарор қабул қилиш, ҳаракатни амалга ошириш тартибига риоя қилмаслик, фақат, башарти бу ҳолат унинг қонунийлигига таъсир қилган ҳолдагина, аризани (шикоятни) қаноатлантириш учун асос бўлиши мумкинлигини;
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 23-бобида, Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон фармонида 2023 йил 1 январдан бошлаб ихчам, профессионал бошқарув тамойилларига асосланган ва самарадорликка йўналтирилган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилди. Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари: тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва уни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун масъул ва жавобгар ҳисобланади; тизимдаги кадрлар сиёсатининг Вазирлар Маҳкамаси аппаратидан мустақил равишда давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ юритилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикасида маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни судда кўриш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ягона мақсадга қаратилган бўлиб, у биринчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, иккинчидан, инсон-жамият-давлат манфаатларининг уйғунлигини юзага келтириш ва ниҳоят учинчидан, мамлакатимизда маъмурий қонунчиликни жадал ривожланишига эришишни назарда тутади.
Хоразм вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси Атажанова Маъмура Ботировна