s
USD: Rub: Eur:
2023-11-24 627

Президент Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Фармони (ПФ–188-сон, 07.11.2023 й.) қабул қилинди.

           Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14 та ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, хусусан:

 Судьялар олий кенгаши раиси ва аъзоларини, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайлаш тартиби кўзда тутилди;

           янги таҳрирдаги Конституциянинг давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши талабидан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлардан бундай чекловлар чиқарилди;

           меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олиниши белгилаб қўйилди.

          Шу билан бирга, Фармонда қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ишларни давом эттириш мақсадида масъул вазирлик ва идораларга бир қатор топшириқлар берилди. 

           Хусусан, қуйидаги соҳаларда конституциявий принципларни рўёбга чиқариш бўйича алоҳида топшириқ берилди:

          биринчидан, мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини таъминлаш, шу жумладан, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, ушбу масалаларни фақат қонунлар билан белгилаш;

          иккинчидан, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари (жиноий ва маъмурий жазо чоралари, шу жумладан, жарима, мусодара қилиш, шунингдек, молиявий санкция, пеня, лицензияни тўхтатиш ёки бекор қилиш ва бошқалар) мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги тўғрисидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқиш;

          учинчидан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини фақат қонунга мувофиқ чекланиши мумкинлиги тўғрисидаги конституциявий талаб асосида барча қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;

          тўртинчидан, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлаш, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигига оид конституциявий нормалардан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;

          бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши тўғрисидаги конституциявий нормага мувофиқ қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш.

          Мазкур Фармон қонуности ҳужжатларини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш орқали конституциявий принципларни рўёбга чиқаришга, давлат органлари фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитлар асосида йўлга қўйишга, шунингдек, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш чораларини кўришга қаратилган..

 

                                                                       Хонқа туман адлия бўлими

Мавзуга оид