s
USD: Rub: Eur:
2025-09-18 533

“РАҚАМЛИ СУД” – ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА ЯНГИ ДАВР

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, одил судловни амалга оширишда замон талабига мос янги ислоҳотларни жорий этиш ва инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, суд органлари фаолиятини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловнинг шаффофлиги, тезкорлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимиз ҳаётида янги босқични бошлаб берди.

Бугунги кунда дунёда бир қатор ривожланган давлатлар – Жанубий Корея, Эстония, Сингапур, Нидерландия каби мамлакатлар суд тизимида рақамли технологияларни кенг жорий этган. Масалан, Эстонияда суд жараёнларининг асосий қисми масофавий тарзда ўтказилади, барча ҳужжатлар электрон шаклда сақланади. Жанубий Кореяда эса суд қарори лойиҳалари сунъий интеллект ёрдамида тайёрланиб, судья томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон ҳам ушбу илғор тажрибалардан илҳомланган ҳолда, ўз миллий ҳуқуқий тизимига мос равишда “Рақамли суд” концепциясини жорий этмоқда. Бу орқали фуқароларнинг судга бўлган ишончи мустаҳкамланади, одил судловнинг самарадорлиги ошади ва энг муҳими – инсон ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинади.

Президентимиз томонидан 2025 йил 21 август куни имзоланган “Судларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ‘Рақамли суд’ концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–140-сон Фармон – бугунги кунда нафақат суд тизими, балки бутун жамият ҳаётида улкан янгилик сифатида қабул қилинди. Чунки мазкур ҳужжат орқали фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи янада мустаҳкамланиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда сифат жиҳатдан мутлақо янги имкониятлар яратилишига йўл очилди.

Фармонга мувофиқ, энди ариза судга тақдим этилгандан сўнг унинг тегишлилиги, ҳуқуқий асослари ва хатто суд харажатлари тўғрисидаги дастлабки ҳисоб-китобларни сунъий интеллект тизими амалга оширади. Бу эса, бир томондан, судьялар зиммасидаги ортиқча бюрократик юкни енгиллаштирса, иккинчи томондан, фуқароларга ўз мурожаатининг натижаси ҳақида олдиндан тахминий маълумот олиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, суд мажлислари баённомаси ҳам энди реал вақт режимида автоматик тарзда шакллантирилади. Илгариги каби катта ҳажмдаги ёзма ишларни судья ёки котиб қўлда тайёрлашига ҳожат қолмайди. Сунъий интеллект бу жараённи бир неча сонияда амалга ошириб, унинг аниқлиги ва шаффофлигини кафолатлайди.

Энг муҳими, суд қарорлари ва ҳужжатлари лойиҳалари ҳам сунъий интеллект ёрдамида тайёрланади. Судья эса унинг устидан назоратчи сифатида текширув ўтказиб, адолатли қарор қабул қилади. Бу орқали инсон омили билан боғлиқ хатолар кескин қисқаради.

Суд соҳасини рақамлаштириш бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Улар суд биноларини “Рақамли суд” стандарти асосида жиҳозлаш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва судьялар ҳамда ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш билан шуғулланади.

Бугунги кунда Тошкент шаҳридан тортиб энг чекка ҳудудлардаги туман судларигача босқичма-босқич замонавий компьютер техникаси, юқори тезликдаги интернет тармоғи ва электрон архив тизимлари жорий этилмоқда. Шу тариқа, эндиликда суд жараёнлари фақат анъанавий тарзда эмас, балки онлайн ва масофавий тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Фармонда судьялар ва суд тизими ходимларини моддий ва маънавий
қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, судьялар ва суд ходимларига байрам кунлари ва давлат мустақиллиги, Янги йил, Наврўз каби улуғ сана ва айёмларда қўшимча моддий рағбатлантириш пули – “байрам пуллари” ажратилиши белгиланди. Шу билан бирга, уларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, уй-жой ва транспорт билан таъминлаш масалалари ҳам давлат дастурларида акс эттирилди.

Бундан ташқари, 2025–2030 йилларга мўлжалланган дастур асосида суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бунинг учун Давлат бюджетидан ҳамда Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан миллиардлаб сўм маблағ йўналтирилади.

Фуқаролар учун яна бир қулайлик – “my.sud.uz” портали орқали виртуал маслаҳатчи ишга туширилиши. Бу орқали ҳар бир шахс судга мурожаат қилиш жараёнида ўз саволларига онлайн жавоб олиши, ҳужжатларни тайёрлашда ҳуқуқий маслаҳат олиши мумкин. Шунингдек, суд маълумотлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилинади, яъни керакли маълумотлар электрон шаклда, уйдан чиқмасдан олиш имконияти яратилади.

Хулоса, юртимизда одил судлов тизимини тубдан такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, суд жараёнларини очиқ ва шаффоф ташкил этиш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан имзоланган мазкур Фармон – бугунги суд тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат бўлиб, у орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш имконияти яратилди.

“Рақамли суд” – бу фақатгина рақамли технологияларнинг жорий этилиши эмас, балки адолатни таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги йўналиши, янги босқичидир.

 

Жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп туман судининг раиси                                        Х.Сапаев

Мавзуга оид