s
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш замонавий жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда бўлиши эса йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдирадиган омиллардан ҳисобланади.
Алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида транспорт воситасини бошқариш ҳайдовчининг эътибори, реакцияси, масофани тўғри баҳолаш қобилияти ва қарор қабул қилиш тезлигини сезиларли даражада пасайтиради.
Шу сабабли маст ҳолда транспорт воситасини бошқаришга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш деганда ҳайдовчининг алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши тушунилади.
Бундай ҳолатда ҳайдовчи ўзининг жисмоний ва руҳий ҳолатини етарлича назорат қила олмаслиги мумкин. Мастлик натижасида ҳайдовчининг йўл вазиятини тўғри баҳолаши қийинлашади, реакцияси секинлашади ва хавфли вазиятларда тезкор чоралар кўриш имконияти камаяди.
Айниқса, юқори тезликда ҳаракатланиш, пиёдалар гавжум жойлардан ўтиш, чорраҳаларда ҳаракатланиш ёки мураккаб об-ҳаво шароитида автомобил бошқариш маст ҳайдовчи учун ҳам, бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари учун ҳам катта хавф туғдиради.
Маст ҳолда рулга ўтиришнинг энг катта хавфи шундаки, ҳайдовчи ўзининг ҳолатини объектив баҳолай олмай қолиши мумкин.
У транспорт воситасини бошқаришга қодир деб ўйлаши мумкин, бироқ амалда унинг ҳаракатлари хавфли бўлиши эҳтимоли юқори.
Мастлик қуйидаги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин:
ҳайдовчининг реакцияси секинлашади; эътибор ва диққатни жамлаш қобилияти пасаяди;
тезлик ва масофани нотўғри баҳолаш юзага келади;
транспорт воситасини бошқариш аниқлиги камаяди;
хавфли вазиятга нотўғри ёки кечикиб жавоб қайтарилади;
йўл ҳаракати қоидаларини бузиш эҳтимоли ортади.
Натижада йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши, инсонларнинг соғлиғи ёки ҳаётига зарар етиши, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулкка зарар етказилиши мумкин.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўладиган ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасида ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқарганлиги учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари мастлик ҳолатида транспорт воситаларини бошқарганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2611-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, шундай қилмиш ёхуд транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқарганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жавобгарликнинг тури ва оғирлиги содир этилган қилмишнинг ҳолатлари, ҳайдовчининг мақоми, илгари шундай ҳуқуқбузарлик содир этган-этмаганлиги ҳамда ҳодиса оқибатларига қараб фарқ қилиши мумкин.
Агар маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, бошқа шахсларнинг соғлиғи ёки ҳаётига зарар етказилса, қилмишнинг ҳуқуқий оқибатлари янада оғирлашиши мумкин.
Шу боис транспорт воситасини бошқарувчи шахс амалдаги йўл ҳаракати ва маъмурий ҳамда жиноий қонунчилик талабларини билиши ва уларга қатъий риоя қилиши лозим.
Мастликни аниқлаш ва ҳуқуқий тартиб тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2018 йил
14 декабрдаги “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори белгиланган бўлиб, Транспорт воситасини бошқараётган шахс маст ҳолатда эканлигига шубҳа туғилганда, қонунчиликда белгиланган тартибда унинг ҳолати текширилиши мумкин. Бунда тегишли ваколатли органлар томонидан қонуний протседураларга риоя қилиниши муҳим аҳамиятга эга.
Мастлик ҳолатини аниқлаш билан боғлиқ жараённинг қонуний ва холис ташкил этилиши бир томондан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга, иккинчи томондан эса фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқаришнинг олдини олиш фақат жазолаш чораларидан иборат бўлмаслиги керак.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш — оддий қоидабузарлик эмас, балки жиддий ижтимоий хавф туғдирувчи хатти-ҳаракатдир.
Бундай ҳаракат инсон ҳаёти ва соғлиғига, оилаларнинг фаровонлигига ҳамда жамият хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар бир ҳайдовчи транспорт воситасини фақат ҳушёр ҳолатда бошқариши, ўзининг ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини устувор вазифа деб билиши лозим.
Қонунчиликда назарда тутилган жавобгарлик чораларининг мавжудлиги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилса-да, энг муҳим омил инсоннинг ўз ҳаёти ва атрофдагилар хавфсизлиги учун масъулиятни ҳис этишидир. Ҳушёр ҳайдовчи — хавфсиз йўл ҳаракатининг муҳим кафолатидир.
Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг тергов судьяси: Аллабергонов Бунёдбек Аминбаевич