s
USD: Rub: Eur:
2023-06-06 125

Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритилди.

 “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (06.05.2023 йил ЎРҚ–838-сон) Президент томонидан имзоланди.

Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра:

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра:

оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар Вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас;

Президент муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 2 ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади;

Қонунчилик палатаси Президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 3 ой ичида ўтказилади.

Қонунчилик палатаси томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 2 ой ичида ўтказилади;

Сенат Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 3 ой ичида ўтказилади.

Сенат томонидан ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда 1 ой ичида ўтказилади.

 

Урганч шаҳар адлия бўлими бошлиғи Оллаберган Юсупов.

Мавзуга оид