s
Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шундай бўлса-да, бола тарбиясидаги энг катта масъулият ва саъй-ҳаракатларнинг асосий қисми уларнинг ота-оналари зиммасига тўғри келади. Улар ўз фарзандларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти тўғрисида, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя этилиши ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасига асосан Ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Ота-оналик ҳуқуқлари болалар ўн саккиз ёшга тўлганларида (вояга етганда), шунингдек вояга етмаган болалар никоҳга кирганларида ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда болалар вояга етмасдан тўла муомала лаёқатига эга бўлганларида тугайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 74-моддасига кўра болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-онаси зиммасига юклатилган. Ота-она ўз болаларининг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ҳамда ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда, шу жумладан судда алоҳида ваколатсиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар.
Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга еткунларига кадар моддий таъминлаш ва тарбиялаш мажбурияти бу уларнинг болалар ва жамият олдидаги мажбуриятларидир. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
Агар ота (она) вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган тақдирда болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 98-модлдасига асосан Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд + томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Бундан ташқари ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этишлари шарт.
Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 103-моддаси билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47 прим 4-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик,
ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлишлиги;
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, —
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш;
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.
Фарзандлар ҳақида ғамхўрлик қилиш, уларга таъминот, таълим тарбия бериш ота-она учун фақат ахлоқий қоида бўлиб қолмай, балки конституциявий хуқуқ ва бурчдан ҳам иборат. Шунинг учун ота-оналар фарзандлар олдида ота-оналик мажбуриятларини унутмасликлари керак.
Ойбек Маҳмудов, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси