s
USD: Rub: Eur:
2021-11-06 319

НУРАФШОНДА ҚУРИЛАЖАК ЁДГОРЛИК МАЖМУАСИ ВА КУТУБХОНА ҚАНДАЙ КЎРИНИШДА БЎЛАДИ?

Хабарингиз бор, Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 октябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашув давомида вилоят ривожига доир кўплаб таклифларни илгари сурган эди. Улар орасида Зангиота туманида яшаган, 2-жахон урушида беш ўғлида жудо бўлган она, садоқат ва матонат тимсоли -- Зулфия Зокирова ҳамда вилоятнинг асл фарзандлари, етук қаҳрамонлари, мустабид тузум даврида қатағонга учраган истиқлол фидойилари номини абадийлаштириш таклифи Тошкент вилояти жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди.

photo2021-11-0613-47-06.jpg
photo2021-11-0613-47-06-2.jpg

Юқоридаги таклифлар юзасидан Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, Нурафшон шаҳрининг “Нурафшон Бизнес Сити” ҳудудида Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуаси боғини қуришга қарор қилинди. Эълон қилинган тендерда ғолиб бўлган қурилиш корхонаси томонидан айни пайтда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

photo2021-11-0613-47-12.jpg
img2895.png

Парк, ўйин ва пикник майдонлари, амфитеатр, терассали ва ёпиқ турдаги кафелар, фавворалар, ташриф буюрувчилар учун қулай ўриндиқлар ва яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай йўлаклар, болалар майдончаларидан иборат ушбу йирик мажмуа 2.97 гектар майдонда бунёд этилади.

photo2021-11-0613-47-04.jpg

Мазкур лойиҳа учун вилоят маҳаллий бюджетининг жорий йил III чорак якуни шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 28,4 миллиард сўм ажратилди.
“Nurafshon Business City” ҳудудида Элбек номидаги Тошкент вилояти кутубхонаси қурилиши учун эса 6 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Маблағ ёрдамида 1,1 гектар ер майдонида замонавий 3 қаватли кутубхона қурилиши режалаштирилган бўлиб, иншоот функционал зоналар ва компьютер ускуналари билан жиҳозланади. Интернет, ахборот ресурслари ва миллий электрон кутубхонадан фойдаланиш имконияти яратилади.

photo2021-11-0613-43-20.jpg
173.jpg
174.jpg

Бундан ташқари, индивидуал ишлаш ва дам олиш учун коворкинг зоналари, тадбирлар ўтказиш, ижод билан шуғулланиш ҳамда қизиқарли интеллектуал ўйинлар ўтказиш учун махсус хоналар ажратилади.

Давлат раҳбари ташаббуси билан қурилиши режалаштирилган ушбу иншоотлар вилоят аҳолиси, ёшлари ва меҳмонлари учун нафақат мароқли ҳордиқ чиқариш, балки маънавий-ахлоқий қадриятларни юксалтириш йўлида ҳам муҳим қадам бўлади.

Айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда бюджетдан жуда катта маблағ гўёки биттагина ҳайкал учун ажратилгандек талқин қилинаётгани кузатилмоқда. Ваҳоланки, е-qaror электрон тизимида маблағ ёдгорлик мажмуаси ва унинг атрофини ободонлаштириш учун ажратилаётгани кўрсатилган. Ҳурматли журналист ва блогерларимиздан бу мавзудаги ахборотни тарқатишда тафсилотларга эътибор қаратишларини сўраймиз. Қурилиш ишларининг бориши ва унга сарфланаётган маблағлар ҳақида жамоатчиликка қўшимча ахборот бериб борилади.

Суратларда қурилиши режалаштирилган масканларнинг лойиҳа шакли акс этган бўлиб махсус комиссия таклифи билан уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Мавзуга оид