s
Таътил олиш ходимнинг ҳуқуқи ва иш берувчининг мажбурияти. Бу Меҳнат кодексининг 216-моддасида белгиланган.
Айтиш керакки, бу ҳуқуқ ўриндошликда ишлайдиган ходимларга ҳам тааллуқли.
Ҳар йилги меҳнат таътили иш берувчи ва ходим учун мажбурий бўлган таътиллар жадвали билан белгиланадиган ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатига мувофиқ берилади (МК 228-м).
Бунда Меҳнат кодекси 400-моддасига кўра ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик меҳнат таътили, уларнинг хоҳишига кўра, тегишинча ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин берилади.
✅ Демак, сиз ҳам декретдан олдин ёки кейин меҳнат таътили олишингиз мумкин. Лекин сизга таътил пули камроқ чиқади.
Қаранг! Меҳнат кодексининг 233-моддасида ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланиши белгиланган.
Бунда ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади (МК 257-м 1-қисм).
Шу қоидага кўра ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда у 12 ойдан ортиқ ишлаган бўлса, унинг таътилга чиқишдан олдинги 12 ойлик даврда корхонадан олган барча тўловлари (иш ҳақи, моддий ёрдам, мукофот пули ва бошқалар) қўшилган ҳолда 12га бўлинади.
Демак, сиздаги вазиятда ҳам жами ишлаган ойларингиздаги иш ҳақи ва бошқа тўловлар қўшилиб 12га бўлинади.
Бироқ юқоридаги норманинг (МК 257-м) тўртинчи қисмига кўра ходим қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган ишдан озод этилган бўлса Ўртача иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилаётганда ҳисоб-китоб давридан вақт, шунингдек ушбу вақтда ҳисобланган суммалар чиқариб ташланади.
Айнан шу қоидага кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун тўланган нафақа пули таътил пулини ҳисоблашда чиқариб ташланади.
Хива туман ЮХКМ бош юрисконсулти М.Бойжонов