s
Фуқаролик ишлари бўйича судларда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг мулкий ҳамда шахсий номулкий манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Юридик аҳамиятга эга фактларни белгилаш — бу фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун асос бўладиган ҳолатларни суд тартибида тасдиқлаш жараёнидир.
Бундай ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси асосида алоҳида иш юритиш тартибида кўрилади.
Суд томонидан белгиланадиган фактларга қуйидагиларни мисол сифатида келтириш мумкин:
қариндошлик алоқалари: шахслар ўртасидаги қариндошликни тасдиқлаш;
қарамоқда бўлганлик: мерос олиш ёки нафақа тайинлаш учун зарур бўлган ҳолат;
туғилганлик, фарзандликка олинганлик, никоҳ ва ўлимни қайд этилганлиги: агар ФҲДЁ органларида тегишли ёзувлар архив ҳужжатлари йўқолганлиги сабабли сақланмаган бўлса;
ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларнинг тегишлилиги: ҳужжатдаги исм-шариф шахснинг паспортидаги маълумотларга мос келмаган тақдирда (паспорт ва ҳарбий билетлар бундан мустасно);
бахтсиз ҳодиса факти: меҳнат фаолияти ёки бошқа ҳолатларда юз берган ҳодисани тасдиқлаш учун белгиланади.
Қонунга мувофиқ мазкур масалада судга мурожаат қилишдан олдин ҳужжатни бошқа йўл билан олиш имкони қолмаганлиги, тегишли идоралардан (масалан, ФҲДЁ ёки архив) зарур ҳужжатни ололмаслик, ҳужжат йўқотилган ёки йўқ қилинганлиги тасдиқланган бўлиши лозим.
Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.
Суднинг ушбу тоифадаги ишлари алоҳида иш юритиш тартибида кўрилиб, низосиз ҳолатларда фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини тез ва самарали ҳал этишга хизмат қилади.
А.Рахимов, фуқаролик ишлари бўйича
Шовот туманлараро судининг раиси