s
USD: Rub: Eur:
2026-05-25 911

Фермер хўжалигидан асоссиз ундирилган пул маблағи қайтарилди

Президентимиз томонидан давлатимиз тараққиётининг бугунги босқичида адолат ва қонун устуворлигини амалда таъминлаш стратегик вазифа сифатида белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари ўзининг деярли ҳар бир маъруза ва чиқишларида турмушимизда адолатни қарор топтириш энг асосий вазифамиз эканлиги, суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши кераклигини таъкидлаб келади.

Судларнинг фаолиятида ҳам тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари учун ҳуқуқ ва кафолатларни қонуний ҳимоя қилиш нормаларини қўллашни кучайтириш, бу борада хусусий мулкдорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш масалалари биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган вазифа сифатида белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасига кўра, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1023-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонунчиликда ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Шу ўринда фикримни Урганчтуманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирсам.

“ХХХ” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида туман фермерлари кенгаши судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб “ЖЖЖ” акциядорлик жамияти(бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан асоссиз ундирилган 28 088 255 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида аниқланишича, даъвогар (лизинг олувчи) ҳамда жавобгар (лизинг берувчи) ўртасида лизинг шартномалари тузилган бўлиб, уларга асосан лизинг олувчи “New Holland T6070 4WD” русумли бир дона трактор, “2ПТС-10” русумли тиркама, “RMU-0,8” русумли бир дона минерал ўғит сепкичини лизинг шартлари асосида қабул қилиб олган.

Шартномаларнинг 4.3-бандида лизинг тўловлари ушбу шартноманинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланган 1-иловасида кўрсатилган тўлов жадвали асосида ҳисобланиши ва лизинг тўловлари мазкур жадвал асосида лизинг олувчи томонидан ҳар чоракнинг охирги ойининг 10-санасигача бўлган муддатда тўлаб берилиши кўрсатилган.

Ушбу лизинг шартномалари бўйича даъвогар лизинг тўловлари бўйича амалга оширилган тўловларни ҳисоб-китоб қилганда қўйилган тўлов талабномаларига асосан унинг ҳисоб рақамидан муддати келган лизинг тўловларидан ташқари 28 088 255 сўм пул маблағи ортиқча ечиб олинганлиги ҳолати маълум бўлган. Шундан сўнг даъвогар жавобгарга илтимоснома билан мурожаат қилиб шартномалар бўйича 2024-2025 йиллар давомида ҳисобланган пенялар бўйича маълумот бериш сўралган.

Жавобгар томонидан лизинг тўловлари кечиктирилганлиги учун лизинг шартномалари бўйича жами 28 088 255 сўм пеня ҳисобланганлиги ва ундириб олинганлиги маълум қилинган.

Мазкур ҳолатдан норози бўлиб жавобгарга йўлланган мурожаатга жавобгар томонидан лизинг тўловлари кечиктирилганлиги учун ҳисобланган жами 28 088 255 сўм пеня ундирилганлиги билдириб, пеня суммасини қайтариш бўйича иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги маълум қилинган. Натижада тарафлар ўртасида мазкур низо вужудга келган.

ФК 1023-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонунчиликда ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

ФК 333-моддасининг биринчи қисмига кўра қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.

ФК 261-моддасининг учинчи қисмига кўра қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.

Шартномаларнинг 8.3-бандида лизинг тўлови ушбу шартноманинг
1-иловасида кўрсатилган миқдор ва муддатларда амалга оширилмаса, лизинг олувчи тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов сумманинг 0,4 фоиз миқдорида, аммо  кечиктирилган умумий тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши назарда тутилган.

Шартномаларнинг 6.4-бандида лизинг берувчининг ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, 6.4.7-бандида лизинг берувчи лизинг тўловларидан ҳосил бўлган қарздорликни ундириш учун лизинг олувчининг ҳисоб рақамларига акцептсиз инкассо топшириқномаси қўйиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.

ФКнинг 590-моддасига кўра лизинг тўлови лизинг берувчига лизинг объекти қийматининг лизинг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек лизинг берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади.

 Яъни лизинг шартномаси бўйича ҳисобланган пеня лизинг тўловларидан ҳосил бўлган қарздорлик таркибига кирмайди.

Маълумки, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан ҳамда тарафлар вакилларининг суд мажлисида берган тушунтиришлари билан лизинг тўловлари кечиктирилганлиги учун жавобгар даъвогарга нисбатан лизинг шартномалари бўйича жами 28 088 255 сўм пеня ҳисоблаганлиги ҳамда жавобгар ушбу ҳисобланган 28 088 255 сўм пеняни ҳеч бир асоссиз даъвогарнинг ҳисоб рақамидан лизинг тўловларидан ҳосил бўлган қарз сифатида акцептсиз ундириб олганлиги тўлиқ исботини топди.

Шунга кўра, суд даъвони тўлиқ қаноатлантириб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига асоссиз ундирилган 28 088 255 сўм пул маблағини ундириш тўғрисида тўхтамга келган.

Хулоса қилиб айтганда, суд томонидан одил судловни амалга ошириш жараёнида яна бир  фермер хўжалигининг бузилган ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, фермер хўжалигидан асоссиз ундирилган пул маблағи жавобгардан унга қайтарилди.

 

 

Ў.Мадрохимов
Урганч туманлараро       

иқтисодий судининг судьяси

 

                                                                                          

Мавзуга оид