s
Савол:
– Техикумда ўқитувчи бўлиб ишлайман, бу ерга 2022 йил 20 декабрда ишга келганман, ундан олдин мактабда дарс берардим. Умумий узлуксиз стажим – 6 йил. 2023 йил 1 декабрдан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқаман. Менга техникум бухгалтерияси сиз 12 ойдан кам ишлагансиз деб, 75 фоиз декрет пули чиқади деябди. Янги меҳнат кодекси бўйича 100 фоиз тўланиши керак деб эшитган эдим. Шу боис айтинг-чи, қонун бўйича менга декрет пули нечи фоиз тўланиши керак?
Жавоб:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ 2699-сонли қарорига 05.04.2018 йилда ПФ – 5398 сонли фармон асосида киритилган ўзгаришга кўра: аёл ходим ишга қабул қилинган кунидан бошлаб 12 ойгача ишлаб, сўнг ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқса, ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида, ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан ортиқ вақт меҳнат қилиб кейин ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқса, ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
Эътибор берган бўлсангиз, “аёл ходим ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойгача” жумласи қўлланилган. Мана шу жумла аёл ходимнинг умумий иш стажини эмас, аксинча ўша ташкилотга ишга кирган вақтидан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун иш стажи ҳисобланишини англатмоқда.
Хулоса қиладиган бўлсак, сизнинг ишга кирганингизга 12 ой бўлмаганлиги учун, сизга ўртача иш ҳақининг 75 фоизи миқодирида декрет пули берилади. Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 404-моддасига кўра ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
Дилмурод Ахмедов,
Янгиариқ тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти