s
USD: Rub: Eur:
2023-12-28 767

Сайёр судда жиноятчилар жазо, иштирокчилар сабоқ олди

Хоразм вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жиноятга жазо муқаррар эканлигини аҳолига тушунтириш мақсадида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр судлар ўтказилмоқда.

Навбатдаги ана шундай сайёр суд жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан шаҳар ҳокимиятининг катта залида бўлди. Суд процесси учун катта бино танланиши бежизга эмас, судьялар бугунги криминоген вазиятни инобатга олиб, сайёр суддаги кузатувчи фуқаролар сонини кўпайтиришни мақсад қилган. Зеро, суд жараёнини, судланувчиларнинг пушаймонлигини, қўлига кишан солинишию, тайинланган жазони ижро этишга юборилишигача барча процессуал ҳаракатлар фуқароларнинг кўз ўнгида кўрсатилиши сайёр суднинг таъсирчанлигини оширади. Иштирокчиларни жиноят тушунчаси ва унинг салбий оқибатлари ҳақида хулоса қилишга ундайди.

Сайёр судда шаҳар ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда асосан профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар, жиноятчиликка мойил шахслар ҳамда ёшлардан иборат 500 нафарга яқин иштирокчининг қатнашиши таъминланди.

Суд процесслари жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьялари Дилшод Наимов ва Элёр Бобожоновлар томонидан ўтказилди. Дастлаб, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалар билан айбланган И.К.га оид жиноят иши кўрилиб, судланувчига 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Кейин, ЖК 131-моддаси 3-қисми билан судланиб, тегишли жазо ўтаётган маҳкум Б.Қ.га ҳамда ЖК 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан судланиб, тегишли жазо ўтаётган маҳкум О.Қ.га оид материаллар кўрилиб, ЖКнинг 48-1-моддасига асосан уларга нисбатан тайинланган озодликни чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Шунингдек, бир гуруҳ маҳкумлар жазони ўташда белгиланган тартиб-қоидага амал қилгани, тузалиш йўлига ўтганлиги ва бошқа ижобий ҳаракатлари инобатга олиниб, ЖКнинг 73-моддасига асосан суд томонидан тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Мавзуга оид