s
USD: Rub: Eur:
2026-02-19 212

Болалар ҳуқуқи қонун ҳимоясида

 

Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгарилаб бораётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Шуни алоҳида такидлаш жоизки, бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезони - адолатлилик, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устунлигини таъминлашдир. Бинобарин, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

Хусусан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.

Ҳаммамизга маълумки, 2024 йилнинг 14 ноябрь санасида Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган эди.

2025 йилнинг 24 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонбилан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ва мазкур стратегиясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш бўйича
чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ушбу Фармонга асосан, 2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилиши белгиланди.

Дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида,
2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, зўравонликдан жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши;

болаларга нисбатан уларнинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этиши;

зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилиши тартиби белгилаб берилди.

Эндиликда, мулкчилик шаклидан қатъи назар таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

Бундан ташқари, мазкур фармон билан 2026 йил 1 мартдан бошлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслари) учун “меҳрли оила” хизмати ташкил этилиши белгилаб берилди.

Мурод Рузметов, Хоразм вилоят суди судьяси

Мавзуга оид